11:42 / 26.07.2016
11823

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамда Россиянинг S7 Airlines авиакомпанияси код-шеринг битимини имзолашди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва Россиянинг S7 Airlines авиакомпанияси ҳамкорликдаги рейсларни амалга оширишни кўзда тутувчи код-шеринг битимини имзолашди. Бу ҳақида UzDaily хабар қилди

Россия авиакомпаниясининг маълумотларига кўра, мазкур битим Новосибирск ва Тошкент ўртасидаги парвозлар частотасини ошириш имконини беради. Ҳар ҳафтанинг якшанба кунларида S7 Airlines икки шаҳар ўртасидаги рейсларини амалга оширади. Эндиликда эса авиакомпания жадвалига яна иккита рейс қўшилди – бундан буён душанба ва пайшанба кунлари ҳам рейслар амалга ошириладиган бўлди. 

Бундан ташқари, Новосибирскдаги S7 Airlines йўловчилари Ўзбекистоннинг аҳоли сонига кўра учинчи ўринда турувчи Наманган шаҳрига тўғридан-тўғри рейс орқали йўл олиш имкониятига эга бўлишади. Парвозлар ҳар душанба куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Airbus A320 самолётида амалга оширилади. Новосибирскнинг Толмачёво аэропортидан учиш вақти - 16:30, Наманган аэропортидан эса - маҳаллий вақт билан соат 10:20да. 
  
S7 Airlines’нинг бошқа шаҳарлардан келувчи йўловчилари Тошкент ва Наманганга Новосибирск аэропортидан йўл олишлари мумкин бўлади. Бундай йўналишга ягона авиачипта расмийлаштиради.

Ўз навбатида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК коди S7 Airlines’нинг Новосибирск — Тошкент ва Новосибирск — Фарғона рейсларида пайдо бўлади. Ўзбекистонлик йўловчилар нафақат Новосибирскка учиб боришлари мумкин, балки Толмачёво аэропортида Россиянинг бошқа шаҳарларига ҳамда хорижий шаҳарларга ҳам йўл олишлари мумкин бўлади.

Top