19:28 / 09.08.2016
13616

Дато Норайни бинти Абд Ҳамид: “Ўзбекистон 25 йилда ғоят улкан, тарихий ютуқларни қўлга киритди"

Дато Норайни бинти Абд Ҳамид / Архив сурат / "Жаҳон" АА

ЎзА мухбири Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дато Норайни бинти Абд Ҳамид билан мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқлар, ўзаро ҳамкорлик самаралари ҳақида суҳбатлашди. 

–  Ўзбекистон 25 йил давомида ғоят улкан, тарихий муваффақиятларни қўлга киритди, аграр республикадан саноати изчил ривожланаётган, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган барча маҳсулотларни ишлаб чиқараётган замонавий давлатга айланди, – деди Дато Норайни бинти Абд Ҳамид. – Фаолиятим давомида мамлакатингизда рўй бераётган улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдаман. 

Фарғона водийсини бошқа вилоятлар билан боғловчи Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели очилгани, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди йўналишлари кенгайтирилаётгани шулар жумласидандир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ўттиздан зиёд мамлакатга, хусусан, Малайзияга тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширмоқда

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида нималар дея оласиз?

– Мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги савдо, иқтисодиёт, таълим, сайёҳлик ва маданият каби соҳаларда изчил тараққий этмоқда.

Савдо соҳасида Ўзбекистон мамлакатимизнинг энг йирик шерикларидан ҳисобланади. Ўтган йили Малайзиянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистоннинг улуши 64,7 фоизни ташкил қилди. 

Мамлакатларимиз халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда. 

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида ҳам улкан салоҳиятга эга. Халқингиз жуда самимий ва меҳмондўст. Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий шаҳарлари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш истагида бу ерга кўплаб малайзияликлар ташриф буюрмоқда. Малайзия ҳам Ўзбекистондан кўплаб сайёҳларни қабул қилмоқда. Бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мамлакатингиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонга равнақ, халқингизга бахт-саодат, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва улкан зафарлар тилайман.

Нодира Манзурова, ЎзА    

Top