18:48 / 17.08.2016
13328

Кирибатининг раққос-атлети: Спортчи бу ҳаракати билан нимани исботлашини айтиб ўтди

Кирибатилик оғир атлетикачи Давид Катоатау мухлисларини нафақат спортда қўлга киритаётган ютуқлари, балки ҳар чиқишидан сўнг кўрсатадиган рақси билан ҳам хурсанд қилади.
Рио Олимпиадасида у ўз йўналишида олтинчи ўринда қайд этилди.  Аммо бу ҳолат унга бир нечта рақс ижро этиб бериши учун тўсқинлик қилмади.
Катоатау Олимпиада ўйинлари очилиш вақтидаёқ ўзининг ёрқин рақси билан тилларга тушиб улгурган эди. Спортчи шу кунга қадар миллий терма жамоа сафида уч марта машҳурликка эришган.
Томошабинларни ҳайрон қолдириш Катоатау учун асосий мақсад эмас. У рақслари орқали ўз мамлакатидаги иқлим ўзгаришларига омма эътиборини қаратишни ният қилган. Кўп содир бўладиган сув тошқинлари сабаб Кирибати секин-аста сув остида қолмоқда, спортчининг ўзи ана шундай ҳодисалардан бирида уйидан айрилган.
«Аксари одамлар Кирибати қаерда жойлашгани ҳақида билишмайди. Шу сабаб мен ўз чиқишларим билан одамлар эътиборини ватанимга қаратмоқчиман. Мен ўтган йилда сув тошқинлари сабаб ўз уйларидан айрилган одамлар ҳақида очиқ хат ёзганман», — деди у Washington Post билан бўлган суҳбатда.

Top