20:09 / 14.09.2016
20159

Туркманистонда газ, электр энергия ва сувга имтиёзларни бекор қилиш таклиф қилинди

Туркманистон оқсоқоллар кенгаши иштирокчилари 14 сентябрдаги йиғилишда мамлакатда табиий газ, электр энергия ва сувдан бепул фойдаланишни бекор қилишни таклиф қилишди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Йиғилишда чиққанлар Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедовга юзланиб, мамлакатда мавжуд бўлган имтиёзларни қайта кўриб чиқиш ва табиий газ, электр энергия ва сувдан бепул фойдаланишни бекор қилишга чақиришди.

Давлат томонидан фуқароларига тақдим қилинадиган бу имтиёзга қарши чиқаётганлар ўз қарашларини мамлакат аҳолисининг моддий фаровонлиги анча ошгани, бундай имтиёзларнинг мавжудлиги эса мамлакатда бозор ислоҳотларини ўтказишни мураккаблаштириши билан тушунтирдилар.

Туркманистон президенти йиғилишга якун ясаркан, бу масалага мулоҳаза юритиб ва босиқлик билан ёндашиш кераклигини айтди. Унинг фикрича, давлат аҳолига имтиёзлар тақдим қилишдан ташқари, табиий бойликларни асраб-авайлаб сарф қилиш ва уларни кейинги авлодлар учун сақлаб қолиш лозимлигини айтди. Бердимухамедов ҳукуматга бу масалани яхшилаб ўрганиб, тегишли қарорни тайёрлашни буюрди.

 

Top