Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Рамазон ойидаги «Қадр кечаси» муносабати билан 356 нафар маҳбусни афв этди. Президент фармонида жиноят содир этгани учун судланган, бироқ қилмишидан пушаймон бўлиб, чин дилдан тузалиш йўлига ўтган фуқаролар озодликка чиқарилиши айтилган.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари раҳбарларига афв этилган Туркманистон фуқароларини ишга жойлаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилган.
Сердар Бердимуҳамедов тез орада қамоқхонани тарк этувчи фуқароларга «виждонан меҳнат қилиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларда иштирок этиш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўлиб яшашни» тилади.
Туркманистонда маҳбусларни афв этиш тадбирлари мунтазам равишда ўтказилади. Президент одатда «Қадр кечаси», Бетарафлик ва Мустақиллик кунларини нишонлаш арафасида тегишли фармонларни имзолайди. Қайд қилинишича, шу тариқа, сўнгги бир неча йил ичида республиканинг 20 мингдан ортиқ муқаддам судланган фуқаролари озод этилган.
Рамазон ойининг «Қадр кечаси» Ислом оламида алоҳида қадрланади ва одатда рўзанинг 27-куни (бу йил 5 апрелдан 6 апрелга ўтар кечаси) нишонланади.











