14:34 / 22.09.2016
4610

Шарлоттдаги намойишлар вақтида 1 киши отилди, шаҳарда фавқулодда ҳолат жорий этилди

АҚШнинг Шимолий Каролина штатида қора танли шахс полиция томонидан отиб ўлдирилиши воқеасидан кейин бошланган намойишлар вақтида намойишчилардан бири ўқотар қуролдан жароҳат олди. Шаҳар губернатори Патрик Маккрори бу воқеадан кейин фавқулодда ҳолат эълон қилди.

«Губернатор Пэт Маккрори Шарлотт-Мекленбург полиция бўлими бошлиғи  Керра Патнининг сўровига биноан фавқулодда ҳолат жорий этди. Губернатор Шарлоттга Шимолий Каролина миллий гвардияси бўлимлари ва йўл-патруль хизмати гуруҳларини ёрдамга жўнатишни сўраган», — дейилади РИА Новости хабарида.

The Boston Globe маълумотига кўра, тўқнашувлар вақтида 7 полициячи ҳам жароҳатланган.

Дастлаб, Шарлотт полицияси бошлиғи бир намойишчининг ўлими ҳақида эълон қилди, кейинроқ шаҳар ҳукумати эркак оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини айтди. Ўқ полициячи томонидан эмас, оддий фуқаро томонидан узилган.

Шаҳар ҳукумати бу чиқишларни «қонунга қарши тўпланиш» сифатида баҳоламоқда ва «ўлдирмайдиган қуроллардан фойдаланишда» давом этилишини билдирмоқда.

Кўчаларга чиққан юзлаб намойишчиларга қарши ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланмоқда. 

Шарлоттдаги норозиликлар 20 сентябрь куни полициячилар томонидан афроамерикалик, 43 ёшли Кейт Скоттнинг ўлдирилиши туфайли бошланди. Полиция у тўппонча билан қуролланиб, офицернинг қуролни ташлаш буйруғига итоат қилмади, деб ҳисоблайди. Скоттнинг оиласи ва гувоҳлар сўзларига кўра, унинг қўлида ўқотар қурол эмас, китоб бўлган.

У бу вақтда фарзандини мактабдан олиб кетиш учун уни кутиб турганди.

Унинг ўлдирилишидан бир неча соат ўтибоқ шаҳар кўчаларига норози гуруҳлар чиқа бошлади.

Top