20:01 / 28.09.2016
5007

Бағдод расмийлари Ироққа америкалик ҳарбийларнинг янги гуруҳи келтирилгани ҳақида маълум қилди

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий мамлакатга Мўсулни ИШИДдан озод этиш ҳаракатларида қатнашувчи америкалик ҳарбийларнинг янги гуруҳи етиб келгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

«Америкаликлар президенти Барак Обама Ироқ ҳукуматининг ҳарбий коалиция таркибидаги америкалик инструкторлар ва ҳарбий маслаҳатчилар сонини ошириш бўйича сўровини кўриб чиққан», — деган ал-Ободий.

У айнан қанча миқдорда америкалик ҳарбий Ироққа келиб тушганига аниқлик киритмаган.

Оқ уй ва АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел бу маълумотни тасдиқлаган. Мўсулга ИШИДни буткул тор-мор этишга қаратилган якуний ҳужум октябрь ойининг иккинчи ярмида бошланиши кутилмоқда.

Айни вақтда Ироқда америкалик 4,4 минг ҳарбий мавжуд. Пентагон маълумотига кўра, бу ҳарбийлар ироқлик ҳарбийларга ёрдам кўрсатиш учун Ироқда бўлиб турибди. Америкалик ҳарбийлар янги ёлланган аскарларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Мўсул - Ироқдаги иккинчи йирик шаҳар бўлиб, 2014 йилнинг ёзидан буён ИШИД назоратида қолмоқда. Март ойида бу шаҳарга Ироқ армияси ҳужумлар бошлаган, лекин самарага эришилмаганди.

Top