17:37 / 10.10.2016
50449

Бош вазир виртуал қабулхонаси: йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга тезда ечим топилмоқда

Амир Темур куч-қудрат адолат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда мужассам эканини англаб-англатиб яшаган. Соҳибқироннинг давлат муҳрида битилган “Куч – адолатда” ҳикмати ҳақиқатпарварлик ва ростлик инсон кучига куч қўшиши, ўз навбатида, кучли шахс ҳамиша ҳақгўй бўлишини англатади. Ислом Каримов ишлаб чиққан тараққиётнинг «ўзбек модели» – машҳур беш тамойилнинг бири ҳам айнан қонун устуворлиги эди. Биринчи Президентимиз бутун фаолияти давомида эркин, адолатли ва фаровон ҳаёт қуриш, жамиятимизда қонун устуворлигини, тартиб-интизомни, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш йўлида курашди.

Шу маънода яқинда Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасини (pm.gov.uz) ўзбек давлатчилик мактабига мансуб адолатпарварлик, ҳақиқатни таъминлаш борасидаги анъаналарнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Бугун минглаб юртдошларимиз ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри мамлакатимиз Бош вазирига мурожаат қилмоқда.

Бунда мурожаатни уч усулда – 210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб (қўнғироқ мамлакатимиз бўйича бепул бўлиб, ундан фақат стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади), pm.gov.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириб ёки Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг ҳудудий ташкилотларига бориб юбориш мумкин. Сайт (pm.gov.uz) орқали онлайн мурожаат юбориш шакли ҳамма учун тушунарли ва содда тузилган. Сайтда мурожаат мақомини (жавоб берилган-берилмаганини) текшириш мумкин. Энг муҳими, онлайн мурожаатларда электрон рақамли имзо талаб қилинмайди.

Маълумотларга кўра, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига дастлабки куниёқ мамлакатимизнинг турли жойларидан мингга яқин ариза, шикоят ва таклифлар тушган бўлса, бугун мурожаатлар сони 20 мингдан ошиб кетди. Қувонарлиси, ҳозирга қадар юзлаб муаммолар тезда ўз ечимини топди.

Шу йил март ойида урганчлик Зулфия Бекберганованинг 25 ёшли ўғли Хуррам Қурбоновнинг бош миясида қон қуйилиш ҳолати аниқланган. Шифокорлар уни хорижда даволатишни тавсия қилган. Муолажа учун 8 минг доллар зарур эди. З.Бекберганова ўтган вақт мобайнида миллий валютани хорижий валютага конвертация қилиш бўйича Хоразм вилоятидаги қатор банкларга мурожаат қилган. Бироқ иши ҳал бўлмаган. Зулфия опа сўнгги умид сифатида шу йил 26 сентябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ариза жўнатган.

–  Порталга мурожаат қилганимдан кейин ойлар давомида мени ўйлатган муаммо икки кунда ҳал бўлди, – дейди  З.Бекберганова. – Ўғлимни хорижда даволатиш учун халқаро тўлов картасига етарлича хориж валютасини олганимда, қувончдан йиғлаб юбордим. “Мана, биздай оддий фуқароларнинг ҳам дардини тинглайдиган, муаммоларини ҳал қилиб берадиган инсон бор экан-ку”, дедим. Бу портал Ўзбекистонда демократиянинг мустаҳкам қарор топишида жуда катта ва муҳим қадамдир.

Яна бир мисол – Хоразм вилояти Хива туманида истиқомат қилувчи Роҳат Абдуллаева уйи бузилгач, 2014 йили янги коттежга кўчиб ўтади. Бузилган уй шартномада 139 миллион сўмга баҳоланади. Бироқ бу маблағдан 38 миллион сўмини ҳокимлик тўлаб бермайди.

– Шу йил 26 сентябрь куни Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим, 28 сентябрда бузилган уйимдан қолган 38 миллион сўмни банкдаги омонат дафтарчамга ўтказиб беришди, – дейди Р.Абдуллаева. –  Маҳалламиздаги янги коттежларга кўчиб ўтган 47 қўшнимда ҳам шу муаммо бор эди. Вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари уларга ҳам қарздорликни тўлаб бермоқда. Маҳалламизда байрам бўлиб кетди. Неча йиллик муаммоларимизни икки кунда ҳал қилиб бергани учун Бош вазиримиздан миннатдормиз.

Ҳа, бугунги фуқаролар бундан ўн беш-йигирма йил аввалги одамлар эмас. Мазкур виртуал қабулхонага мурожаатлар халқимизнинг давлат ҳокимиятига ва қонун устуворлигига ишончи ошиб бораётганидан далолат. Бу жамиятимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари самарали татбиқ этилаётгани, халқимизнинг улардан фойдаланиш маданияти юксалиб бораётганининг исботидир.

Маҳалламизда электр энергиясини кунига ўртача 12 соат ўчиришар эди, бу муаммога ечим излаб, бир неча марта туман ҳокимлиги ва электр тармоқлари ташкилотига мурожаат қилдик, бироқ фойдаси бўлмади, – дейди Хоразм вилояти Гурлан тумани Сахтиён қишлоғида яшовчи Жўрабек Бобожонов. – Шу йил 25 сентябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига электрон мурожаат юбордик, 29 сентябрда мутасаддилар қишлоғимизга келиб, вазиятни ўрганди ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш йўлга қўйилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов доим “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”, деб кўп таъкидлар эди. Маҳалламизда шу муаммонинг тез кунда бартараф бўлгани мисолида биз Бош вазиримиз Биринчи Президентимиз ғояларига нақадар содиқ эканига амин бўлдик.

Элликқалъалик Илҳомбек Йўлдошев Тошкент тиббиёт академиясининг травматология ва ортопедия йўналиши бўйича магистратурасида 2-курс талабаси. У бу йил шартномага пул топа олмаган. Шу боис Элликқалъа туманидаги барча банк филиалларига таълим кредити ажратишни сўраб, мурожаат қилган. Айтишича, бунинг учун зарур барча ҳужжатни тўплаб олиб борса-да, бирорта банк ходими уларни лоақал варақлаб ҳам кўрмаган.

– Бир куни ҳатто соат 7 дан 19 гача банкдан банкка қатнатиб сарсон қилишди: бирига борсам, бошқасига жўнатади, ахийри, саргардонликдан ҳаммасига қўл силтаб, Тошкентга қайтдим, – дейди И.Йўлдошев. – Энди ўқишни давом эттиришга кўзим етмасди. Шунда Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси жонимга оро кирди: мурожаатим уч кунда ҳал бўлди. Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазиримиз Шавкат Мирзиёев 5 октябрда Самарқанд вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда виртуал қабулхонага келаётган ҳар бир мурожаат Бош вазирнинг назоратида бўлишини таъкидлади. Чиндан ҳам шундай: агар менинг аризам Бош вазиримизга етиб бормаганда, билмадим, яна қанча вақт сарсон юрардим ёки ўқишни ташлаб кетармидим...

Яшириб нима қилдик: қуйи бўғинлардаги эскича фикрлайдиган айрим раҳбару ходимларга арз қилиб икки-уч марта қатнаган одамга “ёзувчи”, “аризабоз” тарзида қарайдиганлар ҳам бор. Албатта, ҳар қандай жамиятда бўлди-бўлмади ишга дарров шикоят ёзадиганлар топилади. Бироқ саноқли бундай кимсалар касрига қолган шахсларнинг ҳам шикоятларини эътиборсиз қолдириш – жамиятда муаммоларнинг илдиз отиб кетишига сабаб бўлиши аниқ-ку! Қолаверса, кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг шартларидан бири – фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал билиши, зарур ҳолда, уларни талаб қила олиш лаёқатига эга бўлиши лозим.

Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси халқимиз ҳуқуқий маданиятининг юксалиб бориш жараёнида самарали восита, ойдин кўзгу бўлмоқда.

Сирдарё вилояти Ховос тумани Гулбаҳор шаҳарчасида яшовчи Муслимбек Холиқбердиев бу йил Гулистон давлат университетининг ижтимоий-иқтисодий факультетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Бироқ ота-онаси шартнома пулини тўлаш имконини топа олмади. Шу боис унинг онаси Шоира Абдуғаффорова жорий йил 7 сентябрда “Агробанк”нинг Ховос тумани филиалига таълим кредити сўраб, мурожаат қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарорига кўра, тижорат банклари қарз олувчининг ҳужжатларини 10 иш кунида кўриб чиқиб, ёзма хулоса бериши шарт. Бироқ Ш.Абдуғаффорова йигирма кунда ҳам аниқ жавоб ололмай, сарсон-саргардон бўлади. Вазият шу даражага етадики, 30 сентябргача шартнома пули тўланмаса, Муслимбек талабаликдан маҳрум бўлиши аниқ эди.

– Шартнома пулини тўлаш муддатига уч кун қолган, нима қилишни билмасдик, банк ходимларини судга берайлик, десак, суд бу ишни кўриб чиқишига бир ой керак – жуда бошимиз қотганди, – дейди Ш.Абдуғаффорова. – 27 сентябрь куни Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ҳақида эшитдиму,  дарҳол мурожаат қилдим. Қаранг, эртаси куни “Агробанк” ўғлимга таълим кредити ажратди. Ишим ҳал бўлди, лекин бир савол мени қийнайди: нега энди шунақа кичкина масала ҳам, албатта, Бош вазиримизга етиб боргандан кейин ҳал бўлиши керак? Қуйи бўғинлардаги раҳбару ходимларга ўз вазифасини қонун доирасида, вақтида, сифатли бажаришга нима халал беради?!.

Дарҳақиқат, агар фуқаронинг муаммоси қуйи бўғинда ҳал бўлса, у юқори ташкилотларга мурожаат қилмайди. Чунки бугунги замон шиддатида ҳар дақиқа – ғанимат, катта бойлик. Шундай экан, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасидан ўрнак олиб, маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарлари фуқаролар мурожаатларини шахсан ўз назоратига олиши, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда самарали тизимни йўлга қўйиш вақти аллақачон етиб келган. Ахир кимдир умид билан ҳокимнинг олдига борса-ю, қабулига кира олмаса, ҳафталаб-ойлаб ҳокимият эшигида сарғайса, шундан сўнг қўли бирор ишга борадими? Шундай вазиятдан кейин унинг қалбида табиий ниш ура бошлаган жамиятдан норозилик эртага газак отиб кетмаслигига ким кафолат беради?!.

Сирдарё тумани Ширин кўчаси 8-уйда яшовчи Мирсаид Низомов Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мазкур ҳудудда 5-6 йилдан буён табиий газда мунтазам узилишлар бўлаётганини, ушбу масалани ҳал этишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Сирдарё вилояти ҳокимлигидан маълум қилишларича, мурожаатни ўрганиш жараёнида мазкур ҳудуддаги газ қувурлари чиндан ҳам таъмирга муҳтож эканлиги аниқланган. Тез кунларда мазкур газ қувурлари таъмирланиб, табиий газ таъминоти тўлиқ йўлга қўйилади. Савол туғилади: ушбу ҳудуд мутасаддилари нега мазкур масалани ўз вақтида ўрганиб, тезда чора кўрмади? Ёки улар Бош вазирга мурожаатдан сўнггина бу ерда газ қувурлари чиндан таъмирталаб эканини билиб қолишдими?.. Ёки Сирдарё тумани Учтепа кўчаси 49-уйда яшовчи Татьяна Кареванинг ҳудудда ичимлик суви муаммосини ҳал этишни сўраб қилган мурожаати ўрганилганда, бу ерда ичимлик суви таъминотини тўлиқ йўлга қўйиш учун 500 метрга қувур ётқизиш лозимлиги аниқланди. Айни пайтда бу борадаги лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, 2017 йилги Инвестиция дастури асосида қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

Шу йил 26 сентябрда Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғидан Ҳурмат Матёқубов виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, мазкур ҳудудда тоза ичимлик суви йўқлиги, қудуқлар суви шўр бўлгани учун аҳоли 3 километр нарига бориб, ичиш учун сув келтираётганини айтади. 2009 йили бу муаммони бартараф этиш учун иш бошланган, бироқ чала қолганди.

– Мурожаатимиздан икки кун ўтиб, қишлоғимизда қурилиш ишлари бошланиб кетди, – дейди Ҳ.Матёқубов. – Ҳозир 2009 йили ётқизилган, аммо чириб улгурган қувурларни ҳам қазиб олиб, янгилашяпти. Бутун қишлоқ аҳли неча йиллик муаммо ҳал бўлганидан ўзида йўқ хурсанд.

...Бундай мисоллар кўп. Эътиборлиси, ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида ўнлаб, ҳатто юзлаб одамлар ҳаётидаги бир ўзгариш, янгиланиш мужассам. Бу  фуқароларнинг давлат ҳокимиятига, жамиятга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда ниҳоятда муҳим омилдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида жамиятда адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш виждон поклиги ва бедорлигига боғлиқ эканини таъкидлаган: “Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди... Бундай ҳолатларни кўрганда виждони қийналади, доимо ёниб-куйиб яшайди, қандай қилиб бўлмасин, уларни бартараф этишга интилади...”.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси барчамизни Биринчи Президентимизнинг буюк даъвати – уйғоқ виждон билан яшашга-ишлашга ундаётгани билан аҳамиятлидир.

Top