Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошида тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қошида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

тадбиркорлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

тадбиркорлар кенгаши Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари раҳбарлари томонидан ташкил этилади;

тадбиркорлар кенгаши ўз фаолиятини Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари раҳбари томонидан тасдиқланадиган Низом ҳамда Тадбиркорлар кенгаши иш регламенти асосида амалга оширади;

тадбиркорлар кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар, ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари қабул қилинади.

Қуйидагилар Тадбиркорлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тақдим этиш;

ҳудудларда мавжуд имкониятлар ва талаблардан келиб чиқиб, тадбиркорлик йўналишларини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларни тадбиркорларга етказиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимли алоқаларни йўлга қўйиш.