19:07 / 12.10.2016
7370

XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг биринчи куни якунланди

Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг энг муҳим тадбирлари реестрига киритилган ушбу ярмарка дунё миқёсида пахта бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли анжуманлардан биридир. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2005 йилдан буён анъанавий ўтказилаётган ярмарка “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо,  Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Товар-хомашё биржаси ва “Сифат” маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Халқаро пахта уюшмаси, Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита, “Cotton Outlook” халқаро ахборот агентлиги ва Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси сингари нуфузли ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган, деб ёзмоқда ЎзА ахборот агентлиги. 

Ўзбек пахта толасига бўлган эҳтиёж жаҳон бозорида мунтазам ортмоқда. Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иштирокчилари йил сайин кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолатдир. Мисол учун, 2005 йилги дастлабки ярмаркада 30 мамлакатдан 170 га яқин компания вакиллари қатнашган бўлса, 2010 йилда 34 давлатдан 300 дан зиёд фирма ва компания мутахассислари иштирок этди. Бу йил анжуманга 40 дан зиёд давлатдан вакиллар қатнашмоқда. Айни вақтда ўзбек пахтасини етказиб бериш кўлами тобора кенгайиб, дунёнинг янги-янги минтақалари қамраб олинмоқда.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси раиси А.Камолов, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти раиси И.Ҳайдаров ва бошқалар Ўзбекистон жаҳон пахта бозоридаги етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи, экспорт бўйича бешинчи ўринда туриши, экспорт имиджини мустаҳкамлаш учун кенг кўламли ишлар қилингани, жаҳон бозорида рақобат кучаяётган ҳозирги шароитда ўзбек пахта толасининг рақобатбардошлигини янада ошириш зарурлигини  алоҳида таъкидлади.

“Cotton Outlook” халқаро ахборот агентлиги бош муҳаррири Р.Батлер ўзбек пахта толаси халқаро стандартларга тўла жавоб бериши, тола ишлаб чиқариш даражаси барқарор сақланаётгани истеъмолчиларга мақбул келаётганини алоҳида қайд этди. 42 мамлакатни бирлаштирган Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг бошқарувчи директори А.Гитчунс эса дунё миқёсида катта аҳамиятга эга ушбу нуфузли пахта форумида бир неча йиллардан буён иштирок этаётганидан мамнунлигини билдириб, изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жаҳон пахта бозорининг йирик иштирокчиларидан бирига айланганини таъкидлади.  

Ярмаркада иштирокчилар Ўзбекистонда янги ва истиқболли навларни яратиш, агротехника тадбирлари ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, пахта етиштиришдан уни тайёрлаш, сақлаш ва транспортировка қилишгача бўлган барча жараёнларни ўз ичига олган пахта саноатини янада ривожлантириш стратегияси билан танишиш имкониятига эга бўлади. 

Ярмарканинг асосий воқеалари «Ўзэкспомарказ» махсус павильонида ўтмоқда. Павильон халқаро ярмарка стандартларига мувофиқ жиҳозланган бўлиб, тармоққа оид барча маълумотни қамраб олган ахборот стендлари ўрнатилган. Анжуман қатнашчилари бу йил мамлакатимиз пахта заводларида ишлаб чиқарилган 650 туркум толанинг намуналари билан танишиш ва сифат жиҳатидан ўз эҳтиёжларига мос тойларни танлаб олиш имконига эга.

– Биз 50 минг тонна аъло сифатли тола харид қилиш тўғрисида шартнома имзоладик, – дейди Бангладешдаги “Dsm Commodities Ltd.” компаниясининг вакили  Фашхур Раҳмон. – Музокаралар жараёни ҳамжиҳатлик руҳида ўтмоқда, сотиш шартлари барча халқаро стандартларга мос. Халқаро ярмаркада иштирокимиз жуда самарали бўлди,  у янги алоқалар ўрнатиш, янада фойдали битимларни амалга ошириш имконини берди. Компаниямиз ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор.

Мамлакатимизда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, юртимизда етиштирилган пахтадан юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самараларини бераётир. Мисол учун, 90-йилларнинг бошида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажми 7 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар ва янги бозорларни эгаллаш ҳисобига бу кўрсаткич бир миллиард долларга етиб, тайёр маҳсулотлар дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Сўнгги йилларда ўзбек толаси тоифа ва  микронейри бўйича энг сифатли, деб эътироф этилмоқда. Бу Биринчи  Президентимиз Ислом Каримовнинг соҳага оид фармон ва қарорларининг бажарилиши натижасида амалга оширилган таркибий ўзгаришлар самарадорлигининг ёрқин ифодасидир. Мамлакатимизнинг бу соҳадаги сиёсати барқарор ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаш, ўзбек пахтасининг минтақавий ва халқаро савдоси учун рақобат муҳитини яратишга асосланган.
   
Бу йилги халқаро ярмарка доирасида, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, “Пахта саноатининг ривожланиши ва жаҳон бозорида ўзбек пахта толаси рақобатбардошлигини ошириш истиқболлари”, “Тўқимачилик тармоғининг рақобатбардошлигини ошириш – экспорт имкониятлари ортишининг муҳим омили”, “Пахта ва тўқимачилик тармоқларида илмий ва технологик янгиликлар” каби мавзуларда учта секцияга бўлинган ҳолда ўзаро мулоқотлар ўтказилмоқда.

Ярмарка доирасида иштирокчилар “Тошкент-тола” пахта терминали, Тошкент вилоятидаги “Ўзбекистон” пахтани қайта ишлаш заводи,   «UzteksChirchiq»  қўшма корхонасида бўлиб, мамлакатимиз пахтачилик секторида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самаралари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Енгил саноат салоҳияти, жумладан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа либослар намойиши ҳам режалаштирилган. 

XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди. 


 

Top