8 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар
Президентнинг Жиззахга ташрифи, Рамазон ҳайити нишонланадиган сана, ҳайит арафасида афв этилганлар, ўзбекистонликларни меҳнатга чорлаётган Венгрия — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.
Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифb
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрел куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Биринчи манзил Фориш туманидаги Basalt Uzbekistan кластери бўлди.
Мирзиёев 2019 йил январь ойида бу корхонага ташриф буюриб, унинг фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шу асосида бозордаги талаб, хомашё олинадиган конлар ўрганилди. Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан энг замонавий технологиялар келтирилди. Натижада 300 гектар майдонда умумий қиймати 498 млн долларлик олтита лойиҳа ташкил этилиб, корхона кластерга айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивини ҳам бориб кўрди.
Ҳозир 140 гектар майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган.
Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган. Яна 16 та турар жой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади.
Президент «ADM Jizzakh» автомобил заводи фаолияти билан ҳам танишди.
«ADM Jizzakh» МЧЖ саноат зонасида самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. У 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда «Kia», «Chery» ҳамда «Haval» брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган.
Лойиҳа доирасида 234 млн АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1800 та иш ўрни яратилди.
Рамазон ҳайити 10 апрел куни нишонланади
«Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида» президент қарори имзоланди.
2024 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 10 апрел – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2024 йил 10 апрел куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин, дейилади президент қарорида.
Президент бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар шахс афв этилди.
Тайинловлар
Жиззах вилояти Арнасой туманига ҳокими лавозимига Одил Мусанов тайинланди. Шу кунга қадар Одил Мусанов Жиззах вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари в.б. бўлиб фаолият олиб бораётган эди.
Тошкент вилояти Паркент туманига Сардор Исоқулов ҳоким ээтиб тайинланган. Тайинловга қадар у «Иссиқлик электр станциялари» AЖ бошқарув раисининг ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, кооперацион алоқаларни кенгайтириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Наманганда 63-Халқаро гуллар фестивали ўтказилади
Фестивал 19 майда бошланиб, 23 июнгача давом этади. 40 кун давом этадиган фестивалда гул боғчалари эгалари ва боғ дизайнерлари ўзларининг бадиий гул композицияларини намойиш этади. Бу уларга маҳаллий ва халқаро компанияларга ўзларини танитиш имконини беради.
Тадбирда Жанубий Корея, Россия, Туркия, Покистон, Нидерландия ҳамда Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби қўшни давлатлардан меҳмонлар иштирок этиши кутиляпти.
Венгрия Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини жалб қилади
Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси кўмагида Венгриянинг Worknet Kft. компанияси директори Давид Пензеш ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи ўринбосари Ҳожиакбар Файзуллахўжаев ўртасида видеоконференцалоқа форматида музокаралар ташкил этилди.
Венгрия томони Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва агентлик томонидан юборилган меҳнат мигрантларини Венгрияга ёллаш ва ишга жойлаштириш соҳасида шартнома тузишга тайёрлигини билдирди.
Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасида аёл ҳомиласи билан вафот этди. ССВ изоҳ берди
3 апрел куни Оҳангарон тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига олиб келинган 32 ёшли аёл 1 кундан кейин вафот этган. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди.
Ўзбекистон интернет ресурсларига уч ойда 3 млндан ортиқ киберҳужум уюштирилди
Ўзбекистонда 2024 йил 1-чорак ҳолатига кўра мониторинг жараёнида давлат органлари ва ташкилотларнинг 19 та веб-ресурсларида 70 та заифлик ва камчиликлар аниқланиб, бартараф этилган.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024