18:36 / 26.10.2016
11091

Ўзбекистон Бош прокуратурасида амнистияга оид қарор ижросига бағишланган идоралараро йиғилиш ўтказилди

Фото: prokuratura.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тақдимномасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати томонидан шу йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор халқимизга хос бағрикенгликнинг яна бир юксак намунаси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида мазкур қарор мазмун-моҳияти, унинг ижросини изчил таъминлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган идоралараро йиғилишда шу йўналишдаги вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди. Жазони ижро этиш жойларидан қайтиши кутилаётган шахсларнинг жамиятга мослашишига имконият бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, ёлғиз ва ёрдамга муҳтожларга тегишли ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар ўз ота-оналари ёки васийлик органларининг назоратига топширилиши, тиббий ёрдамга муҳтожларга соғлиғини тиклаши учун шароит яратишга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Амнистия актининг очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида қўлланилиши, бунда жамоатчилик назорати, хусусан, депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилаётир. Шу мақсадда сенаторлар, депутатлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг минтақавий вакиллари, Фуқаролик жамияти институтлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Бу мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга ошираётган ишларининг амалий тасдиғидир.

Тадбирда амнистия тўғрисидаги қарор ижросини таъминлаш, мазкур жараёнда қонунбузилишларга йўл қўймаслик мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Қарорнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида масъул идоралар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича жойларда ўқув-семинарлар ташкил этилади.

Top