Жаҳон | 17:00 / 17.11.2022
8525
3 дақиқада ўқилади

Мянма ҳарбий хунтаси 6000 га яқин маҳбусга амнистия эълон қилди

Амнистияга тушганлар орасида Буюк Британиянинг собиқ элчиси Викки Боумен, шунингдек, тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи ҳам бор. 

Фото: AP

Мянма ҳарбий хунтаси Буюк Британиянинг собиқ элчиси Викки Боуман ва икки йил аввал амалда ҳукумат раҳбари (давлат маслаҳатчиси) лавозимидан четлатилган, тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи дохил 6000 га яқин маҳбусни амнистия қилди. Бу ҳақда 17 ноябрь, пайшанба куни KNA агентлиги хабар берди. Жами 5098 эркак ва 676 аёл амнистияга тушган

Боуманнинг турмуш ўртоғи, рассом Хтейн Лин ва уч нафар хорижлик: япониялик журналист ва ҳужжатли фильм яратувчиси Тору Кубота, австралиялик иқтисодчи Шон Тёрнел (Аун Сан Су Чжининг собиқ маслаҳатчиси) ва америкалик ботаник Чжуо Хтай Оо озод этилган. Ҳарбий хунтанинг билдиришича, Су Чжининг ағдарилган ҳукуматидан уч нафар собиқ вазир ҳам озод қилинади.  

Таиланднинг собиқ ташқи ишлар вазири, ASEAN Инсон ҳуқуқлари бўйича парламентарийлар кенгаши аъзоси Касит Пиромя шундай деб огоҳлантирди: «Бу Мянма генераллари жуда узоқ вақтдан бери ўйнаб келаётган ўйин; ҳеч ким бу ҳийлага берилмаслиги керак». Тўхтовсиз ваҳшийликлар давомида улар вақти-вақти билан «халқаро босимни юмшатиш ва қонунийликка эришиш учун» гўзал хайрихоҳлик ишорасини қилишади. Бу имтиёзлар «ҳар куни содир этаётган жиноятларига нисбатан кичикдир». 13 мингдан ортиқ сиёсий маҳбус ҳамон қамоқда, деди у. 

Мянмада 2021 йил февраль ойида ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Генераллар буни 2020 йилги сайловлардаги қонунбузарликлар билан изоҳлашди, унда Аун Сан Су Чжининг «Демократия учун миллий лига» партияси катта фарқ билан ғалаба қозонди. Ҳарбийлар қонунбузарликлар ҳақида далиллар келтирмади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Су Чжи шоу жараёнининг қурбони бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, ҳарбий хунта ўтмишда аллақачон кўп йилларни уй қамоғида ўтказган сиёсатчи овозини абадий ўчириш ниятида. 2022 йил июнь ойида Су Чжи уй қамоғидан пойтахт Нейпидода бир кишилик камерага ўтказилди.

Мавзуга оид