23:59 / 01.11.2016
5141

Порошенко 2014 йилдан бери барча маошини хайр-саҳоватга ажратаётгани маълум қилинди

Фото:news.day.az

Украина президенти Пётр Порошенконинг матбуот котиби Святослав Цеголко "Батькившина" партияси етакчиси Юлия Тимошенконинг мамлакатнинг биринчи шахслари маоши ошириб юборилгани бўйича айбловига жавоб берди. 

"Украинская правда" нашри маълумотларига кўра, 1 ноябрда Украина парламенти йиғилишида Тимошенко ҳукуматни у орқа сана, яъни 1 май ойидан ўз маошини 2-2,5 баробарга оширганликда айблади. Тимошенконинг айтишича, Порошенконинг иш ҳақи 3 баробарга оширилган.    

"Мисол учун, президентга махфий равишда 28 минг гривенлик маош, бундан ташқари катта миқдорда қўшимча ҳақ ўрнатилган. Улар билан президент оладиган маош 100 минг гривенга етади", деб айтди Тимошенко.

Цеголко фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, бу хабар ҳақиқатга мос келмайди, Порошенконинг ўзи эса барча маошини хайр-саҳоватга ажратади.

"Юлия Тимошенко томонидан президент маоши ҳақида тарқатилган ёлғонга жавоб беришим зарур. Кўринишича, бу ўзининг "ночор" декларациясидан диққатни қочириш учун қилинган. Шуни таъкидламоқчиманки, Украина президентининг маоши 2014 йилдан бошлаб хайр-саҳоват ишларига ўтказилади", деб айтди Цеголко.

Цеголконинг айтишича, Украина вазирлар маҳкамасининг 20 апрелдаги қарорига кўра, Украина президентининг маоши 28 минг гривен (1,07 минг доллар) қилиб белгиланган ва ҳеч қандай қўшимча ҳақ кўзда тутилмаган.  

 

Top