20:42 / 01.11.2016
7392

Ўзбекистон президентлигига номзод Наримон Умаров Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди

Фото: adolat.uz

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловолди ташвиқоти доирасида 1 ноябрь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Тадбирда вилоят фаоллари, корхона ва ташкилотлар, ишчи ва ходимлари, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Учрашувда Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Сурхондарё вилояти партия Кенгаши раиси Р.Ҳамроев йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Наримон Умаров ўз маърузасида дастлаб истиқлол йилларида сурхон воҳасининг бой ўтмиши қайта тикланиб, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмаси мутлақо ўзгарганлигини эътироф этди. Сўнги беш йил давомида биргина Термиз шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бир-биридан муҳташам биноларнинг қад ростлагани, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш йўлида бунёд этилган савдо ва маиший иншоотлар воҳа тараққиётини мутлақо янги босқичга олиб чиққанлигини таъкидлади.

Шу билан бирга номзод Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлининг ишга тушиши билан вилоятни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғлаш масофаси қисқарганлиги баробарида табиий бойликларни ўзлаштириш имконияти ҳам кенгайгани ҳамда темир йўл бўйлаб ишга туширилган объектлар, аҳоли турар жойлари, ҳудудда обод масканлар сонининг ортишига хизмат қилаётганига сайловчилар эътиборини қаратди.

Н.Умаров Сурхондарё вилояти сайловчиларига ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари хусусида сўзлаб берди. Дастурда айниқса, ижтимоий соҳада белгиланган вазифалар, хусусан, таълим соҳасини ислоҳ этиш борасида илгари сурилаётган мақсад, вазифалар республикамиз ҳудудларидаги мавжуд эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги таъкидлаб ўтди.

Жумладан, номзод сўнгги йилларда ёшларимиз ўртасида олий таълим олишга бўлган интилиш кучайиб бораётганлиги хусусида тўхталар экан, биргина Термиз давлат университетига абитуриентлар сони тобора кўпайиб, белгиланган қабул квоталарига нисбатан 18-20 баробар ортиқни ташкил этаётганлигига сайловчилар эътиборини қаратди.

Шундан келиб чиқиб, номзод ўз дастурида олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш, барча талабгорларга олий таълим олиш ҳуқуқини бериш орқали иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириш ҳамда таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга қаратилган қатор ғояларни илгари сураётганини билдирди. Номзоднинг бу борадаги таклифлари учрашув иштирокчилари томонидан катта иштиёқ ва қизиқиш билан қабул қилиниб, ушбу мақсадли режалар ўз вақтида кўтарилган ва ҳақиқатда ечимини кутаётган амалий масала эканлиги эътироф этилди.

Президентликка номзод учрашув иштирокчиларининг ўз Сайловолди дастури, таржимаи ҳоли, ҳудудни ва умуман, республикани ривожлантиришга доир кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Д.Тангиров, вилоят маҳалла хайрия жамғармаси раиси Ў.Тошбоев, вилоят педагог кадрларни кайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори У.Қодиров, Термиз-Бақтрия савдо комплекси бош ҳисобчиси Б.Бобомуродова бошқалар Наримон Умаров номзоди бўйича сўзга чиқдилар ва бўлажак сайловда уни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

 

Top