- Қонун билан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганини инобатга олиб, Конституциянинг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Ўзгартириш киритилаётган моддада аниқлик киритилишича, Ўзбекистон суд тизими Конституциявий суд, Олий суд, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборат. Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон президентининг 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра киритилмоқда, фармонга кўра, 1 январдан бошлаб суд тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.
Тадбирда Kun.uz мухбири Сенат ушбу қонунни нима учун 18 декабрь куни ўтказилган ялпи мажлис кун тартибидан олиб ташлангани ҳамда лойиҳаларни Сенатга келиб тушган ва сенаторлар тасдиқлаган вариантидаги фарқлар жамоатчиликка эълон қилиниши борасида савол берди.
Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиевнинг айтишича, кун тартиби ялпи мажлис бўлиб ўтадиган куни тасдиқланади. «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси аввалдан кун тартибида бўлмаган.
«Лойиҳа жиҳатидан биз қўмиталарда муҳокама қилишимиз мумкин, лекин кун тартиби ялпи мажлиснинг ўзида тасдиқланади. У ерда [кун тартибида] «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси йўқ эди», – деди сенатор.
Шунингдек, Шуҳрат Чўллиев Қонунчилик палатасидан Сенатга келиб тушиб муҳокама қилинаётган лойиҳаларнинг матнида фарқлар бўлмаслигини маълум қилди.

«Чунки бизнинг ҳаққимиз йўқ. Қонунчилик палатасидан қонун бўлиб чиқади, лойиҳа эмас. Шунинг учун биз унинг битта нуқтасини ҳам ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ. Агар ўзгартирадиган бўлсак, биз уни қайтаришимиз керак. Бизнинг бунга эътирозларимиз йўқ, чунки бизнинг фикримиз бўйича бу [«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси] анча муҳокамалардан ўтган. Июл ойида президент фармони қабул қилинишидан олдин биз сенаторлар жойларга чиқиб, судлар ва маҳаллий кенгашлар билан муҳокама қилган эдик. Халқ ўзи буни кўтарган эди, «судни оптимизация қилиш керак, жуда тарқоқ бўлиб кетди» деган маънода. Ҳозирги ўзгаришлар шу билан боғлиқ.
















