13:50 / 07.11.2016
14276

Британия метеорологлари сўнгги беш йилдаги энг совуқ қиш келишидан огоҳлантиришди

Фото: © Flickr

Британия соғлиқни сақлаш миллий хизмати (NHS) мутахассислари йилнинг совуқ мавсумидаги асоратлар билан курашиш учун ҳамда соғлиғида муаммо бўлган кишиларга кўпроқ иссиқ овқат истеъмол қилишни тавсия қилишмоқда. Шу билан бирга, улар кекса кишиларга қалин кийиниш ва турар жойдаги ҳароратни 18 даражадан туширмасликни маслаҳат беришди. Бу ҳақида ВВС нашри хабар берди. 

Британиядаги уйларда марказий иситиш тизими йўлга қўйилмаган, аҳолининг аксарият қисми ўз уйидаги ҳарорат режимини ўзи белгилайди. Иссиқлик энергияси тўловларининг қимматлиги туфайли кўпчилик, айниқса кексалар ўз уйларидаги иссиқлик ҳароратини минимал даражада ушлаб туришга ҳаракат қилишади. Бу эса, мутахассисларнинг сўзларига кўра, соғлиқдаги турли муаммоларга олиб келади ва баъзи ҳолатларда эрта ўлим билан якунланади. 

NHS совиш ва касалликлар билан боғлиқ ўлим сонини камайтиришни мақсад қилган кампанияни йўлга қўйди.

2014-2015 йилларнинг қиш мавсумида Англия ва Уэльсда ёз мавсумига нисбатан 43,9 мингга кўпроқ киши ҳаётдан кўз юмди. Бу 1999 йилдан буён энг юқори кўрсаткич бўлиб қолмоқда. 

Манбага кўра, марҳумларнинг аксарияти 75 ёшдан ошган кекса ёшли кишилар бўлган. 36,3 минг ўлим ҳолати айнан шу ёш гуруҳига тўғри келган. 

Ўлимнинг энг кўп тарқалган сабаби - грипп. Статистикага кўра, юрак ва ўпка касалликларига чалинган кишилар ҳам қиш мавсумида хавф гуруҳига киради.

Британия метеорологлари қишнинг боши совуқ келишидан огоҳлантиришмоқда. Уларнинг тахминларига кўра, бу йилги қиш сўнгги беш йилдаги энг совуқ қиш бўлиши мумкин экан. 
 

Top