Британиялик йигит «Вагнер» номидан корхонага ўт қўйишда айбланмоқда
Британиянинг йигирма ёшли фуқароси «Вагнер» ХҲК билан алоқада ва «Россия манфаати учун» ҳаракатларда айбланмоқда. Тергов у Украина билан боғлиқ корхонага ўт қўйиш учун одамларни ёллаган, деб ҳисобламоқда.
Британия фуқароси Дилан Эрл «Вагнер» ХҲК номидан Лондонда Украина билан боғлиқ корхоналарга ўт қўйиш ҳужумларини уюштирганликда айбланди. Терговнинг фикрича, 20 ёшли британиялик мамлакатда террорчи ХҲК сифатида тан олинган ташкилот куратори билан алоқага чиққан ва кейин «Россияга фойда келтириш мақсадидаги фаолият билан боғлиқ ҳолда» объектларни кузатган.
Бундан ташқари, Эрл Лондондаги Украина билан боғлиқ саноат объектига ўт қўйиш учун учинчи шахсларни жалб қилишда айбланмоқда.
Дилан Эрлдан ташқари бу ишда яна тўрт киши айбланмоқда. 60 ёшли Пол Инглиш ва 21 ёшли Ния Менсахга ўт қўйиш айблови қўйилган. 22 ёшли Жейк Ривз чет эл разведкасидан тўловларни қабул қилганликда ва ўт қўйишда айбланмоқда, 22 ёшли Дмитриус Паулаускас эса ҳужумлар тайёрланаётгани ҳақида маълумотга эга бўлганлик, лекин уни ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этмаганлик бўйича айбланмоқда.
Россия элчиси Британия ТИВга чақирилди
Айни вақтда, Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Лондондаги элчиси Андрей Келинни чақиртирди. «Бирлашган Қироллик Британия ҳудудида Россия томонидан олиб борилаётган зарарли ҳаракатлар ҳақидаги даъволардан чуқур хавотирда», - дея таъкидлади AFP’га ТИВ вакили.
Лондонда Украинага алоқадор корхонада ёнғин содир бўлди
2024 йил 20 март куни Лондон шарқидаги Лейтон ҳудудида саноат объекти ёниб кетди. Уни ўчириш учун 8 бирлик техника ва 60 га яқин қутқарувчи жалб қилинган. Кейинчалик маълум бўлишича, корхона Украина билан боғлиқ бўлган ҳамда Oddisey ва Meest UK компанияларига тегишли. Тергов ҳужжатларида ёнғиннинг айбдори сифатида «жаноб Икс» кўрсатилган.
Мавзуга оид
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
13:52 / 21.11.2024
Британия Ўзбекистонда давлат компанияларини хусусийлаштиришда қатнашмоқчи
15:52 / 20.11.2024
Британия «Юнармия» ва «Авангард»га қарши санкциялар киритди
15:20 / 14.11.2024