12:35 / 21.11.2016
8690

Британия ҳарбий-денгиз флоти таркибидаги кемалар сони етарли эмаслиги ошкор этилди

Фото: Wikiwand.com

Буюк Британия ҳукумати қироллик ҳарбий-денгиз флотини модернизация қилиш бўйича режаларини қайта кўриб чиқмаса, у таҳдидлар қаршисида кучсизланиб қолиши мумкин. The Guardian газетасида чоп этилган мақолада шу ҳақда сўз юритилган.

Мамлакат парламентининг мудофаа масалалари бўйича қўмитасида қайд этишларича, қироллик флотидаги ҳарбий кемалар сони ҳозирнинг ўзидаёқ «анча камдир» ва ҳукумат 2035 йилгача эскирган фрегатларни алмаштириш бўйича режа борасида бир тўхтамга келмас экан, вазият янада қалтис тус олиши мумкин. 

Британия мудофаа вазирлиги бу вақтга келиб, мамлакатни атиги 19та эсминци ва фрегати билан мудофаа қила олади. Бу, қўмита раиси Жулиан Льюис таъбирига кўра «жуда ҳам камдир». Флот таркибининг янада қисқаришини, унинг сўзларига кўра, «қабул қилиб бўлмайди» ва бу ҳолат Буюк Британияни Россия ҳамда Яқин шарқ таҳдидлари қаршисида кучсизлантиради. Бундан ташқари, Лондон НАТО доирасидаги мажбуриятларини адо этиш имконидан маҳрум бўлади. 

Депутатнинг айтишича, 2023-2035 йилларда 13та фрегат армия сафидан чиқарилиши керак. Аммо, янги кемаларни қуриш жадвали ва уларни молиялаштириш «жиддий хавотирлар»га сабаб бўлмоқда. 

15 ноябрь куни маълум қилинганидек, 2018 йилда Буюк Британия ҳарбий-денгиз флотидаги кемаларга қарши «Гарпун» ракеталарини қайта ишлашга юборади. Аммо, мамлакат ҳукумати бу ракеталар ўрнини тўлдириш бўйича бирор чора ишлаб чиқмаган. 
Бу эса, қироллик ҳарбий флотини рақиб кемаларига нисбатан кучсизлантиради.

Top