10:35 / 21.11.2016
23211

"Соҳибжамол ва махлуқ" эртаги АҚШда диққат марказида

Фото: Variety.com

Америкалик ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, Дисней компаниясининг "Соҳибжамол ва махлуқ" эртаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳақида The Independent нашри хабар берди. 

Эмма Уотсон иштирокидаги янги картина премьераси муносабати билан "Соҳибжамол ва махлуқ" эртаги АҚШда яна диққат марказида. Нашрда таъкидланишича, баъзи мактабларга янги дарс режалари келиб тушган бўлиб, уларда ички зўравонлик мавзуси бир қатор Дисней эртаклари мисолида кўриб чиқилади. 

"Махлуқ Беллга ҳужум қилмайди, лекин жисмоний зўравонлик хавфи мавжуд. Фильм аёл чиройли ва меҳрибон бўлса, у баджаҳл одамни ўзгартириши ҳамда уни ижобий инсонга айлантириши мумкинлигига ишора қилади. Бошқача қилиб айтганда, агар эркак киши унга яхши муносабатда бўлмаса, бу аёлнинг айби", - дейилади дарслик режасида. 

Манбага кўра, Диснейнинг бошқа персонажлари - Сув париси, Золушка, Оппоғойда ҳам ана шундай вазият кузатилади. Муаллифларнинг фикрича, "юз-кўзида бахт акс этган ёш аёллар уйидаги ишларни бажариб, эркакларнинг келишини кутиб ўтиришади". 

"Диснейда ирқчилик/зўравонлик" номли дарс режаси таълим сайтига номаълум ўқитувчи томонидан юкланган бўлиб, у 11 минг марта кўриб чиқилган. 

Ўз навбатида, реал таълим кампания раиси Крис Макговерн мазкур материални оилавий қадриятлар ва эртаклардаги донишмандликка нисбатан ахлоқсиз ҳужум деб атади. 
 

 

Top