10:49 / 26.11.2016
6929

Ашхабодда Барқарор транспорт тараққиёти тизими бўйича биринчи халқаро анжуман бошланди

Фото: Kun.uz

Бугун Туркманистон пойтахти Ашхабод шаҳридаги муҳташам анжуманлар саройида Барқарор транспорт тараққиёти тизими бўйича биринчи халқаро анжуман бошланди, деб хабар қилмоқда Kun.uz таҳририяти махсус мухбирлари Бунёдбек Шамсутдинов ва  Махсуд Асқаров. 

Дастлаб Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов тадбирга ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонларни кутиб олди. Анжуманга БМТ Бош котиби Пан Ги Мун кириб келди. У мезбон давлат раҳбари билан бирга анжуманга ташриф буюрган давлатлар раҳбарларини ҳамда делегациялари вакилларини кутиб олди. 
Сўнгра, анжуман иштирокчиларининг суратга тушиш маросими бўлиб ўтди. 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон томонидан анжуманда Бош вазир биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестициялар вазири Элёр Ғаниевлар иштирок этмоқда. 

Тадбирни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида анжуманнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, барқарор транспорт тизимида иштирок этиш барча манфаатдор давлатлар учун очиқлигини билдирди. 

Шундан сўнг, сўз БМТ Бош котиб Пан Ги Мунга берилди. Бош котиб барқарор транспорт тизими соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирар экан, анжуман натижасида инсоният келажаги, ер юзидаги экологик вазиятни яхшилаш борасида муҳим масалалар муҳокама этилишини айтиб ўтди.    
 
Маълумки, 2015 йилнинг декабрида БМТ Бош Ассамблеяси транспорт муаммоларига оид иккинчи резолюцияни қабул қилган ва мазкур ҳужжатга биноан жорий йилнинг 26-27 ноябрида Ашхабодда барқарор транспорт тизими бўйича биринчи глобал конференцияни ўтказишга қарор қилганди.

Top