20:02 / 28.11.2016
3646

Евгений Слобода: “Ўзбекистонда сайлов кампанияси халқаро стандартлар бўйича очиқ ва ошкора ўтмоқда”

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун халқаро кузатувчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи экспертлар мамлакатга келмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

“Ўзбекистонда Президент сайловига доир қонунчилик асослари такомиллаштирилиб, фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида маълум ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан хабардормиз, – деди Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Евгений Слобода. – 2015 йил декабрда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари янада аниқлаштирилган. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлолмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди. Қонунда сиёсий партияларнинг сайловда қатнашиши, ўз номзодини қўллаб-қувватлаши учун қўшимча имкониятлар белгиланди. Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг беш фоизидан бир фоизига қисқартирилди”. 

Эксперт Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича сайловолди ташвиқотлари ўтказилгани, кенг миқёсда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, сайлов кампаниясининг мазмун-моҳияти тушунтирилгани, мавзуга оид тарғибот тадбирлари, давра суҳбати, семинар, учрашув ва конференциялар ташкил этилгани, оммавий ахборот воситалари орқали мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар эълон қилиб борилаётгани, турли тарғибот материаллари тарқатилганини алоҳида қайд этиб ўтган.

“Бир неча вилоятларда, кўплаб сайлов участкаларида бўлдик. Кузатувларимга асосланиб ишонч билан айтишим мумкинки, мамлакатингизда сайлов кампанияси қонун доирасида, халқаро стандартлар бўйича очиқ ва ошкора ўтмоқда. Сайловчиларнинг Президентликка номзодларнинг дастури билан танишиши, ўзлари хоҳлаган номзодга овоз бериши, ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши учун барча шароитлар яратилган”, дейди Евгений Слобода.

 

Top