10:49 / 02.12.2016
8476

Шанхай университетида Ўзбекистон Президентлигига номзодлар ҳақида мақола эълон қилинди

Фото: Kun.uz

Шанхай халқаро тадқиқотлар университети веб-сайтида Ўзбекистон Президенти лавозимига номзодлар сайловолди дастурларининг муҳим жиҳатларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Унда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуродов “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғоясини илгари сураётгани, бош мақсад сифатида эса миллий манфаатлар ва қадриятларни ҳимоялаш масаласини белгилагани қайд этилади.

“Номзод ўзбек тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, тил маданиятини янада оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди.

Иқтисодиёт соҳасида С.Отамуродов “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлашни илгари суради”, дейилади мақолада.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг бош мақсади демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва давом эттириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқ учун муносиб турмуш шароитини яратиш этиб белгиланган.

“Ш.Мирзиёев давлат бошқаруви тизими ва унинг аппарати самарали фаолиятини таъминлаш масаласини илгари суради ва ваколатларни марказдан жойларга бериш тарафдоридир. Шу муносабат билан у барча бўғинлардаги ҳокимиятларнинг вазифа ва ваколатлар тизимини такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайди.

Иқтисодиёт соҳасидаги асосий вазифа 2030-йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиёт таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказишдир. Унинг фикрига кўра, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган бугунги шароитда Ш.Мирзиёев мамлакатнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш керак деб ҳисоблайди ва бу хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолати деб билади”, деб ёзади Хитой нашри.

Ўзбекистон Халқ  демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Ҳатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастурида аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган қатлами манфаатларини ҳимоялаш асосий мақсад сифатида илгари сурилади.

“Номзод аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги усулларини жорий қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил ўзини ўзи иш билан таъминлаш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, уларнинг якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун шароитлар яратиш ғояларини илгари суради.

Х.Кетмонов пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайди”, дейилади мақолада.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастурида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат яратиш, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришни асосий вазифалар сифатида беглилайди.

“У асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартиришга чақиради. Н.Умаров бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарур деб билади ҳамда “рақобат - мумкин қадар, давлат бошқаруви - зарурат қадар” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш тарафдоридир. Номзод мамлакатда замонавий инновацион ва юқори технологияларни жадал ривожлантириш ва кенг жорий қилиш мақсадида махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилишни таклиф этади.

Дастурда экология масаларига кенг ўрин ажратилган. Хусусан, номзоднинг фикрига кўра, муқобил энергия манбаларидан кенг ва самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозорини рағбатлантириш, қуёш батареяси ва бошқа қайта тикланувчи энергия олишга ихтисослашган инновацион технологияларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”га ўтишни самарали рағбатлантириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш зарур”, дея таъкидланади мақолада.

“Жаҳон” АА, Шанхай

Top