Жаҳон | 22:29 / 05.02.2024
13754
2 дақиқада ўқилади

Россия президентлигига номзод Борис Надеждин тўплаган имзоларнинг 15 фоизи нуқсонли деб топилди 

Қонунга кўра, агар тўпланган имзоларнинг 5 фоизи ёки ундан ортиғи нуқсонли бўлса,  номзоднинг рўйхатга олиниши бекор қилинади. 

Фото: РИА Новости

Россия Марказий сайлов комиссияси мухолиф номзод Борис Надеждин учун тўпланган имзоларнинг 15,3 фоизини нуқсонли деб топди. Бу ҳақда сиёсатчининг штаб-квартираси хабар берди. 

«Комиссия мажлиси тугади, ҳужжатлар олиб кетилди. 15,3 фоизи нуқсонли деб топилди. Олдинда уйқусиз икки кеча. Сайлов бюллетенига киритилиши учун текширилган 60 мингта имзодаги нуқсонлар 5 фоиздан кўп бўлмаслиги керак», деб ёзди штаб вакили Игор Артемиев. 

«Россия Федерацияси президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга кўра, агар тасодифий текшириш пайтида сайловчилар имзоларининг умумий миқдордан 5 фоизи ёки ундан ортиғи ишончсиз ва ҳақиқий эмас деб топилса, имзоларни текшириш жараёни тўхтатилади ва номзод рўйхатга олинмайди. Борис Надеждин бўйича МСК қарори 7 феврал куни эълон қилиниши керак. 

Аввалроқ, Россия МСК журналист Екатерина Дунцова тўплаган имзоларни ҳам нуқсонли деб топиб, уни президентлик сайловида қатнашиши учун рўйхатга олмади. У Украинадаги урушни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод этиш тарафдори эканини эълон қилган эди. 

60 ёшли собиқ депутат Борис Надеждин ўтган йил кузидаёқ президентлик сайловида қатнашишини айтиб, кампания бошлаганди. Декабр ойи охирида «Фуқаролик ташаббуси» партияси уни номзод сифатида рўйхатдан ўтказди, Марказий сайлов комиссияси эса имзо тўплашга рухсат берди. 

Борис Надеждин ҳам Украинадаги уруш давом этишини қўлламаслигини очиқ айтган. У уруш сўзи ўрнига эҳтиёткорлик билан расмий лаҳжада қабул қилинганидек «махсус ҳарбий амалиёт» иборасини қўлламоқда. Надеждин учун имзо тўплаш жараёнида узундан-узоқ навбатлар юзага келган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид