11:42 / 13.12.2016
11395

Тилла буюмларни сувенир долларларга харид қилмоқчи бўлган ҳамтовоқлар қўлга туширилди

Фото: Fotolia

Исматжон (исмлар ўзгартирилган) амакисининг уйида уюштирилган зиёфатда дастёрлик қилиб юрарди. Амакисининг улфатлари дастурхон атрофида турли мавзуларда суҳбатлашишарди. Гурунг авжига чиққан пайт гап бозордаги тилла буюмлар нархига бориб тақалди, деб ёзади “Постда” нашри.

-  Менинг Раҳимжон исмли танишим тилла буюмларим бор, сотаман, деганди, харидор олиб борсам, нархига келиша олмади. Фақат долларга сотаман деб оёқ тираб олди, - деди меҳмонлардан бири чой ҳўплаб.

Бу гапни эшитиб Исматжоннинг ҳаловати йўқолди. Чунки у тенгқурлари билан бир режа тузганди. Энди уни амалга оширса бўлади. Пайт пойлаб туриб меҳмондан тилла буюмлар сотадиган танишининг манзилини билиб олди. Эртаси куни эса Исмоил, Мирвоҳид ва Бахтиёр исмли ўртоқларини йиғди ва қувонч билан деди:

-  Ниятимиз амалга ошадиган бўлди. Тилла буюм сотадиган одамнинг манзилини билиб келдим.

-  Борганимизга яраша кўпроқми? – сўради Бахтиёр.

-  Телефонда гаплашдим, нархи ўттиз миллион сўмдан ортиқ тақинчоқлари бор экан, - деди Исмат худди тақинчоқлар унинг қўлида тургандай илжайиб.

-  Йиғилган “долларлар” кам-ку, - дея эътироз билдирди Исмоил.

-  У ёғи билан ишинг бўлмасин, биз тилла буюмларни қўлга киритсак бўлди, - деди уни жеркиб Мирвоҳид.

Шериклар амалга оширадиган ишни режалаштириб олишди. Шу куни Исматжон Раҳим акага қўнғироқ қилиб, учрашув жойини белгилаб олди.

Учрашув жойига бир эмас, тўрт нафар йигитнинг келганини кўрган Раҳим ака бироз чўчиди. Буни сезган Исматжон:

-  Булар менинг дўстларим, ахир, беш минг доллар пулни бир ўзим олиб келолмайман, яна тилла буюмларни олиб кетишим керак, - дея изоҳ берган бўлди.

Йигитлар Раҳим акани машинага ўтқизишди. Кейин тилла буюмларни кўздан кечирган бўлишди. Сўнг тахлам-тахлам пулларни узатишди. Раҳим ака пулни оларкан, санамоқчи бўлди-ю, ранги ўчиб кетди.

-  Ия, булар сувенирга чиқарилган қоғоз-ку!

-  Нима, сен ҳақиқий доллар олиб келади, деб ўйлаганмидинг?! – деди Исматжон ва шерикларига имо қилди. Улар Раҳим акани уриб-тепиб машинадан тушириб юборишди...

Жиноий шериклар тилла тақинчоқларни қўлга киритганларидан хурсанд бўлиб, кейинги кун уларни сотиш ва пулларни ўртада тақсимлаб олишга келишиб олишди. Аммо уларнинг нияти амалга ошмади. Раҳим ака бўлган воқеа ҳақида Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИБга мурожаат этди. Туман ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ ходимлари томонидан суриштирув-қидирув ишлари амалга оширилиб, жиноятчилар қўлга туширилди. Улардан жабрдийдага тегишли бўлган тилла буюмлар ашёвий далил сифатида олинди.

Top