19:22 / 23.12.2016
28407

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг виртуал қабулхонаси тақдимоти бўлиб ўтди

2016 йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг янгиланган расмий веб сайти ва унинг виртуал қабулхонаси, шунингдек “Ишонч телефони”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур тақдимотда иштирок этиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг матбуот хизматлари, босма, теле-радио, электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Тақдимот жараёнида Омбудсман интернет-ресурсининг модернизация қилиниши   давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ахборот олиш эркинлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишни кенгайтириш борасидаги вазифалар доирасида амалга оширилганлиги таъкидланди.  

Интернет-сайт замонавий ривожланган ахборот-коммуникация соҳасидаги барча тенденцияларни ўз ичига олган. Жумладан, у ўзида Омбудсманнинг виртуал кабулхонаси, тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинларини амалга оширишга оид саволларга жавоблар олишни қамраб олади.  Виртуал қабулхона орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат қилишлари мумкин. Бунда мурожаат берилишида электрон имзо талаб этилмайди.

Расмий сайтни янгилаш жараёнларида инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатини кенг ёритиш, ушбу соҳада қабул қилинаётган қонунчилик ҳамда давлат дастурларининг мазмун моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сайт орқали Омбудсманнинг – фуқораларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти натижалари, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти юзасидан мунтазам равишда ахборот бериб борилади.   

Бундан ташқари, норматив ва дастурий ҳужжатларни амалга ошириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, жамоатчиликни қизиқтирадиган саволларни батафсил муҳокама қилиш борасида ташкил этиладиган форумларда иштирок этиш имкониятининг мавжудлиги мазкур сайтнинг муҳим жиҳати бўлиб ҳисобланади. Бу эса, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ислоҳотлар жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

Сайтда Омбудсман Котибияти ва Омбудсманнинг Минтақавий вакилларининг манзиллари ва телефон рақамлари, фуқароларни қабул қилиш кунлари ва вақти тўғрисидаги маълумотлар жой эгаллаган.

Сайт осон ва қулай бошқариш имкониятига эга. Сайт материалларидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида, шунингдек, кўриш имконияти чекланган фуқаролар фойдаланишлари мумкин.   

Янгиланган интернет-сайт ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар Координатори ёрдамида тайёрланди.

Шунингдек, тадбир давомида Омбудсманнинг мурожаатларни қабул қилиш бўйича “Ишонч телефони” очилганлиги тўғрисида эълон қилинди. Ариза, шикоят ва таклифлар (0371) 200-10-96 ва қисқа 1096 (республика миқёсида бепул) телефон рақамлари орқали берилиши мумкин.

Тадбир иштирокчилари томонидан Омбудсман интернет-сайтининг янгиланиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш шакл ва услублари ҳамда механизмларини кенгайтирилиши борасидаги чора-тадбирлар юқори баҳоланди.  

Top