13:00 / 12.01.2017
8520

БМТ Оролбўйидаги экологик инқироз оқибатларини камайтириш бўйича дастурни ишга туширмоқда

БМТ агентликлари “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” қўшма дастурини ишга туширмоқда. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар берди.

Дастур БМТнинг инсон хавфсизлиги Мақсадли фонди томонидан молиялаштирилмоқда ва БМТнинг агентликлари томонидан амалга оширилмоқда.

Дастур уч йил давомида амалга оширилиб, учта туманда иқтисодий, ижтимоий ва экологик хавфсизликни яхшилашга ёрдам беради.

БМТ Мақсадли фонди ҳисобига Қорақалпоғистонда 2012-2016 йилларда аввалги ташаббуслар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши янги Қўшма дастурларни катта экологик хатар ҳудуди бўлган ва аҳолиси 123 мингдан ортиқ кишини ташкил этувчи Мўйноқ, Тахтакўпир ва Шуманай туманларини ушбу ҳудудлар деб белгилашни таклиф қилди.

Шу кунларда эса жойларда семинарлар шаклида фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ фуқаролари йиғинлари, давлат тузилмалари ва идоралари вакиллари, шунингдек хусусий тадбиркорлар иштирокида дастурни ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда.

Семинар иштирокчиларига инсон хавфсизлиги Концепциясига мувофиқ ишнинг энг муҳим жиҳатлари, уни Қорақалпоғистонда – Орол инқирозининг салбий таъсирини камайтиришда қўлланиши истиқболлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда.

Шунингдек, муҳокамалар давомида маҳаллий аҳоли билан юқоридаги туманлар ҳудудида келиб чиққан экологик вазият оқибатида пайдо бўлган асосий муаммоларни аниқлаш мақсадида интерфаол мунозаралар олиб борилди. Шу тариқа, инсон хавфсизлиги Концепцияси доирасида минтақадаги мураккаб экологик шароитни инобатга олган ҳолда маҳаллий ривожланиш режалари ишлаб чиқилади.

Top