19:37 / 17.01.2017
8083

Смартфон батареялари учун молекуляр ўт ўчиргичлар ихтиро қилинди

Samsung компаниясининг Galaxy Note 7 фаблетофонлари ёниб кетиши билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар рўй бериши ва уларнинг бозордан қайтариб олиниши янги ихтирога туртки бўлди. Смартфон ишлаб чиқарувчилар: келгусида фойдаланувчилар ва қурилмаларни қандай қилиб бу каби ҳодисалардан асраш мумкин?, деган масала устида бош қотира бошлашди. Стэндфорд университети олимлари эса, айни саволга жавоб топишнинг уддасидан чиқишганини даъво қилишмоқда. Улар, литий-ионли аккумуляторга, батарея ёна бошлаган вақтда ўчира оладиган ва портлашга йўл қўймайдиган тизимни жойлашни таклиф этишди. 

Тадқиқотчилар, ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида турли усулларни эътиборга олишган. 

Li-Ion аккумуляторларига ўтни ўчириш ашёларининг қўшилиши электрокимёвий бирикмаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини пасайтирар эди. Шу боисдан, бу вариант бошидаёқ рад этилди. Кейинроқ, олимларга ажойиб фикр келган: агар айни ўт ўчириш ашёларини ячейкалардаги моддалардан алоҳида ўралган ҳолда жойлаштирилса, аккумулятор хусусияти ёмонлашувининг олди олинган бўлар эди. Бунинг учун уларни, шунчаки юқори ҳароратда ёрилиб кетадиган полимер капсулаларга жойлаш талаб қилинади. 

Аккумулятор портлашга яқин даражада қизиганда, капсула қобиғи ёрилади ва ундаги ўт ўчириш воситаси аланга ўчоғини ўчиради. Олимлар ўз тадқиқотларида ўт ўчириш воситаси сифатида трифенилфосфатдан фойдаланишган. У PVDF-HFP полимеридан ясалган идишчаларга солинган. Аккумуляторнинг сунъий равишда ёндирилиши билан уни қизишдан тўлиқ тўхтатишга атиги бир сония вақт кетган. Шу билан бирга, аккумулятор самарадорлиги ўз кучини йўқотмаган. 

Аммо, бу билан муаммо ҳал бўлди, дейишга ҳали эрта. Олимлар қаршисида яна бир жиддий муаммо турибди: ўт ўчириш воситаларининг узоқ вақт давомида ўз хусусиятини сақлаб қола олмаслигидир. Чунки, батареялар 360 марта қувватлангач, айрим капсулаларнинг полимер қобиғи ёрилиб кетади ва аккумулятор ишлаш самарадорлиги тушиб кетади. 

Top