Ўзбекистон | 11:46 / 14.05.2022
16775
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда помидорнинг янги нави ихтиро қилинди

Сабзавотчилик соҳаси олимлари томонидан помидорнинг очиқ майдон ва иссиқхонада етиштиришга бирдек мос янги «Универсал» нави ихтиро қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг бир қатор селекционер олимлари - Екатерина Лян, Рустам Низомов, Шермуҳаммад Аминов ва Жамил Тўраевларнинг ўн йиллик самарали меҳнати натижасида очиқ майдон ва иссиқхонада етиштиришга мос помидор нави ихтиро қилингани айтилади. Ушбу навга «Универсал» номи берилди.

Янги нав ўртапишар бўлиб, ўсув даври 120-122 кунни ташкил этади. Асосий поясининг узунлиги иссиқхонада 2,0-2,5 метр, очиқ майдонда 1,5-1,8 метргача етади, шохланиши ва баргланиши эса ўртача. Барги оддий, тўқ яшил, ўртача бурмали. Биринчи тўпгули 8-9 бўғинларда жойлашган. Меваси ясси юмалоқсимон, юзаси силлиқ, қизил. Помидор вазни 100-120 г, мева асоси кичик чуқурчали. Уруғхонаси 4-5 та. Дегустацион баҳоси 4,9 баллдан иборат.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Таркибида қуруқ модда миқдори - 4,8 фоиз, умумий қанд - 4,2 фоиз, аскорбин кислотаси - 24,2 фоиз. Ҳосилдорлиги: иссиқхонада 15-18 кг/м2; очиқ майдонда 38-42 т/га ни ташкил этди. Бу кўрсаткич бошқа навлардан 15-20 фоиз юқори дегани.

Помидорнинг «Универсал» навини республикада кенг жорий этиш, бирламчи уруғчилигини ўрнатилган тартибда ташкил этиш учун нав ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қишлоқ хўжалиги экинлари навлари синаш марказига давлат реестрига киритиш учун ва Интеллектуал мулк агентлигига патентлаш учун тақдим этилган.

Мавзуга оид