16:01 / 07.02.2017
27227

Ўзбекистонда қайси жиноят турлари ўтган йилга нисбатан сезиларли камайгани маълум қилинди

2016 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 278 мингдан ортиқ иш кўрилиб, уларнинг 87,9 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Мазкур қарорлар бўйича талабларининг 87,8 фоизи қаноатлантирилди. 

Шу даврда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 84 118 нафар шахсга нисбатан 62 мингга яқин жиноят иши кўриб чиқилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича судларнинг ўтган йилдаги фаолияти таҳлилига қараганда, шуни таъкидлаш мумкинки, айрим жиноят турлари, хусусан, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, безорилик каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари ундан олдинги йилга нисбатан сезиларли даражада камайган.

2016 йил давомида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 14 811 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Шунингдек, жиноий жазоларни либераллаштирилиши муносабати билан етказилган 350 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 6 270 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Бундан ташқари, ҳисобот даври мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 433 637 нафар шахсга нисбатан 344 мингдан зиёд маъмурий иш кўриб чиқилди.

Top