18:52 / 23.02.2017
21060

Ислом дини гиёҳвандлик борасида нима дейди?

Инсон Аллоҳга маҳбуб банда бўлиш йўлида сиҳат-саломатлигига катта аҳамият бериши ва саломатлигини барча зарарли нарсалардан, хусусан кашандалик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан, том маънода, инсон ҳаёти учун бало бўлган бу ишлардан  ўзини сақламоғи вожибдир. Барчамизга маълумки, Ислом дини инсоннинг беш нарсасини ўз ҳимоясига олган. Бу беш нарса – инсоннинг жони, моли, обрўси, дини ва ақли бўлиб, булар аслида инсон учун ато қилинган улуғ неъматлардир. Инсон ўзидаги ва ҳатто ўзгалардаги мазкур нарсаларни муҳофаза қилиши, Аллоҳга маҳбуб банда бўлишига далилдир. Қасддан ёки бепарволик билан буларнинг бирортасига тажовуз  қилиш инсоннинг бутун борлиғига тажовуз қилишга тенглаштирилган. Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

ولا تقتلوا أنفسكم إن الله كان بكم رحيما

Яъни “Ўзларингизни ўлдирмангиз! албаттта Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” дейди.

Аср вабоси деб ном олган ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик, яъни наркотик моддаларни истеъмол қилиш, ўзини  том маънода ҳалокатга улоқтириш экани ҳеч кимга сир эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси шарифларида:

اجتنبوا الخمر فإنها مفتاح كل شر

 “Хамрдан сақланинглар, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир”, - деганлар. Ҳадисдаги хамрдан мурод  инсоннинг ақлини оладиган барча нарсалардир. У хоҳ қуруқ шаклда бўлсин, хоҳ ҳўл, яъни ичимлик  шаклида бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Дарҳақиқат гиёҳванд моддаларни  ва маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилган  кишининг, аввало ақлининг бир қисми кетади ва  натижада, ундан ҳаё кетади, ҳаё кетадиган бўлса, барча ёмонликларга кенг йўл очилади. Бугун  ҳаётимизда, жамиятимизда содир бўлаётган жиноятларнинг аксари гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик ортидан содир бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга бу иллатларнинг истеъмолини буткул ҳаром қилди.

Моъида сурасида:

ياأيها الذين آمنوا إنما الخمر والميسر والأنصاب والأزلام رجس من عمل الشيطان فاجتنبوه لعلكم تفلحون

إنما يريد الشيطان أن يوقع بينكم العداوة والبغضاء في الخمر والميسر ويصدكم عن ذكر الله وعن الصلاة فهل أنتم منتهون

“Эй иймон келтирганлар! Албатта хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар шайтоннинг ишидан бўлган ифлосликдир. Бас, ундан сақланингиз, шоядки, нажот топсангиз. Албатта шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” – деди.

Аллоҳ таоло ушбу оят билан мазкур ишларнинг барчасини ҳаром қилди. Ораларимизда жиноят ва адоватларнинг пайдо бўлиш сабабини ҳамда яхшиликлар, хусусан, Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсилишимиз сабаби ҳам айни шулар эканини маълум қилиб, энди тўхтарсизлар, деди. Ҳа, азизлар, дунё ва охиратда нажот топай деган  киши Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тўхтамоғи керак. Бугунги кунда гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабаб бўлмоқда. Шунга қарамай, кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Эркагу аёл, ёшу-қари, талабалар ва ҳатто мактаб болалари орасида ҳам бу оғуни истеъмол қилувчиларнинг топилаётгани, том маънода, жамиятимиз бошига келган балодир. Ҳа, ҳеч қандай муболағасиз, айнан шундай, бало бўлганда ҳам энг катта балодир. Жамиятда парокандаликни пайдо қиладиган, ҳатто оилаларда отани боладан, болани отадан айро қиладиган бу ифлосликни бошқача атаб бўлмаса керак. Ҳатто гулдек бахтли яшаб турган оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётгани барчамизга кундек равшан. Наша чекиб ёки ароқ ичиб келиб, хотини, болаларини урган, ҳатто отасига қўл кўтарганларни эшитиб: “Ё Аллоҳ, ўзинг сақла!” - деб юборамиз. Шундай ҳолатларни эшитганимизда, Аллоҳ бежизга бу ишларни ҳаром қилмаган экан деймиз. Бизларга буларни ҳаром қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Бу ишларнинг пайдо бўлиши ва оммалашиши бир сабабга бориб тақалади.  Аллоҳ ва расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охират савол-жавобидан қўрқмасликдир.

Ривоятда келади: Қайси бир жамоа бу дунёда маст қилувчи нарса устида жам бўлсалар, Аллоҳ уларни дўзахда жамлайди. Шунда улар бир-бирларини маломат қила бошлайдилар. Бири бошқасига: “Эй фалончи, Аллоҳ сени жазоласин, бу жойга тушишимга сен сабабчисан”, - дейди, иккинчиси ҳам унинг ўзига худди шу гапни айтади. Демак, бу ишларга  одатланганларнинг борар жойи ҳам тайин. Одатда бу ишларга мубтало бўлишликда бошқа бир киши сабаб бўлади. Кўпинча ёмон дўст-улфатлар ўз тенгқурларини шу ишларга даъват қилишади. Ота-оналар бу борада яна ҳам ҳушёр бўлиб, фарзандлари ким билан дўст бўлганига эътибор қаратсалар, хулқи бузуқлар билан дўст бўлишдан сақлаб қолсалар, иншоаллоҳ, фарзандларини бу борада сақлаган бўладилар. Ёмон дўстнинг зарари ҳақида Саъдий шундай дейдилар:

                                             То тавони мегирез аз ёри бад,

                                             Ёри бад бадтар бувад аз мори бад.

                                             Мори бад танҳо туро бар жон занад,

                                             Ёри бад бар жон баъд иймон занад.

Бу байтнинг умумий маъноси: “Ёмон дўстдан эҳтиёт бўлгин, зеро ёмон дўст заҳарли илондан ҳам ёмонроқдир. Заҳарли илон сенинг жонингга уради, яъни чақса, жонинг оғрийди. Ёмон дўст эса жонингга ҳам иймонингга уради. Яъни ёмон киши ҳам жонингни ҳам иймонингни олади”.

Баъзи кишилар оз-оз истеъмол қилса, маст бўлиб қолмайди ёки даво учун истеъмол қилса бўлади дейишади. Ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

ما أسكر كثيره فقليله حرام

Кўп миқдори маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”, - дедилар.

 Яна Умму Салама айтадилар: “Қизим бетоб бўлиб қолди. Бир идишга хурмо солиб қайнатаётган эдим. Пайғамбар алайҳиссалом келдилар ва “Нима қилаяпсан?” – дедилар.  Мен “Қизим бетоб бўлиб қолди, буни унга тайёрлаётган эдим”, - дедим. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ҳаром нарсани даво қилмаган”, - дедилар. Яна бир  сўзларида: “У даво эмас, балки зарардур”, - деганлар.

Чекиш-ичишга одатланганлар ўз кайфу-сафоси йўлида ҳисобсиз мол-мулкини зое қилади, бу исрофдир. Оиласини хароб қилади, фақирликни келтиради, ишламасдан жамиятга зарар келтиради, тараққиётдан ортда қолади, ногирон зурриётлар қолдиради, касалликлар орттиради, охири шу ҳолатда ўлим топади. Энг даҳшатлиси, бу азоблар охиратда давом этади. Охиратдагиси эса оғир ва аламли бўлади. Бу оғу билан  тижорат қилаётганлар, инсонларнинг жони билан тижорат қилаётган ҳисобланиб, улар бу бало сабаб  ўлганларга нисбатан қотилдирлар. Тижорат қилиб топган пуллари эса хайрли ишларга  сарфлашга ярамайди.

Аллоҳ таоло барчамизни, хусусан ёш авлод бўлган азиз фарзандларимизни  барча салбий иллатлардан ўз паноҳида асрасин. Омин!

“Усмон бин Мазъун”
жоме масжиди имом хатиби
Ўткир Ҳакимов

Top