11:35 / 01.03.2017
43582

Ўзбекистонга қанча олий таълим муассасаси керак?

Икки-уч минг талаба таҳсил олувчи институтни тўлақонли олий таълим муассасаси деб ҳисоблаш мумкинми? Бундай таълим даргоҳлари сўнгги вақтларда глобал тренд сифатида эътироф этилаётган олий таълим муассасаларини катталаштириш фонида қандай кўринади? Ўзбекистонда ҳам олий таълим муассасалари тармоғини оптималлаштириш масалалари уларни йириклаштириш орқали кўриб чиқилиб, ҳал этиладими? Журналист Тошпўлат Раҳматуллаев шу хусусда ўз фикрлари билан бўлишди.

Айни дамда Самарқандда еттита олий таълим муассасаси фаолият кўрсатади. Уларда 26 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Олий таълим муассасалари бўйича кўриниш қуйидагича: Самарқанд давлат университети – 7200, Қишлоқ хўжалик институти (СамҚХИ) – 5400, Архитектура-қурилиш институти (СамДАҚИ) – 4505, Тиббиёт институти (СамТИ) – 2851, Хорижий тиллар институти (СамДХТИ) – 2465, Иқтисодиёт ва сервис институти - (СамИСИ) – 2400, Тошкент ахборот технологиялари университети филиали (ТАТУ) – 1229 нафар талаба.

Кичик олий таълим муассасаларининг борлиги замонавий жаҳон тажрибаси нуқтаи назаридан қанчалик ўзини оқлайди? Бу масалани ўрганиб чиқиш, кўплаб давлатлардаги мутахассислар олий таълим даргоҳларини катталаштиришни вақт талаби ҳамда фақатгина шу орқали моддий ва молиявий манбалардан самарали фойдаланиш, илмий-тадқиқот ишини омадли равишда олиб бориш мумкинлигини кўрсатиб беради, деб ҳисоблашларини намоён қилди.

Сўнгги ўн йил давомида олий таълим муассасаларини йириклаштириш глобал трендга айланди. АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония, Хитой бу ишда катта тажриба тўплади. Россияда бундай даргоҳларни бирлаштириш федерал университетларни ташкил этиш билан бошланди. Шу тариқа, учта-тўртта олий таълим муассасасининг бирлаштирилиши орқали Қозон федерал университети, Узоқ Шарқ федерал университети, Сибирь федерал университетлари пайдо бўлди. Жараён ҳудудий таянч университетларини яратиш орқали давом этмоқда.

Россияда 2016-2020 йилларга мўлжалланган таълим ривожи концепциясига кўра, бу муддат якунига қадар олий таълим даргоҳлари филиаллари миқдори 80 фоизга, институт ва университетларнинг ўзи эса 40 фоизга камайиши керак.

Ҳудудий олий таълим муассасасини катталаштиришга мисол тариқасида қуйидаги фактни келтириш мумкин. Самара давлат аэрокосмик университетига (СДАУ) Самара давлат иқтисодиёт университети қўшилди. Бунга қадар эса СДАУга яна бир ҳудудий асос олий таълим муассасаси – Самара давлат университети қўшилганди. Янги олий таълим даргоҳига Самарадаги яна тўртта академик институтлар бириктирилади, бу эса бир ерда фундаментал ва амалий илм-фанни бирлаштириш имконини беради.

Амалиётнинг кўрсатишича, нафақат маълум бир йўналишга эга олий таълим муассасалари, балки турли йўналишга эгалари ҳам бирлашмоқда. Турли йўналишга эга олий таълим даргоҳларини бирлаштиришда илм-фанда янги илмий йўналишларни очиш имкони пайдо бўлади. Шунингдек бу кадрлар тайёрлашга ҳам яхши таъсир кўрсатади. Бу муаммони Самарқанддаги олий таълим даргоҳлари мисолида кўриб чиқамиз.

Масалан, СамДУ, СамДАҚИ ва ТАТУ филиалини бирлаштиришда биринчи курс талабаларининг математика ҳамда физика бўйича тайёргарлиги ошади. Гап шундаки, жорий йилда ўзининг 90 йиллигини нишонлайдиган олий таълим муассасасида аниқ фанларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш учун кучли асос бор. Ўз вақтида СамДУнинг амалий математика факультети ТАТУ филиалининг асоси бўлди. Ўшанда филиал яратмай туриб, бу факультетни кучайтириш орқали, унда ахборот технологиялари бўйича янги йўналишларни очиш мумкин эди. 

Ёки СамДУ ва СамИСИни бирлаштириб, кучли иқтисодиёт факультетини яратиш мумкин. Ҳозирги кунда бундай факультетлар ҳар икки олий таълим даргоҳида бор. Бирлаштириш уларнинг ресурсларини юқори малакали кадрларни тайёрлашда ҳамда илмий-тадқиқот ишини олиб боришда ишлатиш имконини берарди. Шуни ҳисобга олиш керакки, Самарқанд кооператив институти асосида ташкил этилган СамИСИ иқтисодий йўналишда мутахассислар тайёрлаш бўйича катта тажриба ҳамда кўп йиллик амалиётга эга.

СамИСИ, СамДАҚИ, СамТИ, СамҚХИ кучли амалий йўналишларга эга бўлиб, университетда эса фундаментал илм-фан ривожланган. Бирлаштириш амалий ва фундаментал илм-фанни кучли битта “муштга” йиғиш, ишлаб чиқаришга илмий ишланмаларни жорий этишни тезлаштириш имконини беради, шунингдек назарияни амалиётга яқинлаштиради ва кадрлар тайёрлаш тизими янада амалий йўналишга эга бўлади.

Олий таълим муассасаларини катталаштириш жараёни бўлиб ўтган ёки давом этаётган давлатлар мутахассислари бекорга бундай бирлаштириш олий мактабни ҳам, таълим тизимининг ўзини ҳам, шунингдек илм-фанни ҳам янгилаши мумкин, деган фикрда эмаслар. Шу билан бирга, уларнинг таъкидлашича, олий таълим муассасалари бирлашиш ҳақидаги қарорни ихтиёрий равишда қабул қилишлари керак.

Юқорида олий таълим муассасаларини катталаштириш масаласи Самарқанд мисолида кўриб чиқилди. Бу муаммони бутун Ўзбекистон миқёсида олсакчи? Бу ерда энг асосийси – умуммиллий манфаатлар. Олий таълим муассасаларини катталаштириш ғоясини, агарда бу кучли олий таълим даргоҳлари ёнига моддий, молиявий ресурсларни жамлаштириш ҳамда олий таълим муассасалари самарадорлигини оширишга олиб келса, қўллаб-қувватлаш лозим.

Top