13:10 / 07.03.2017
21552

Жалолободда мудҳиш фожиа: эркак турмуш ўртоғи ва ўғлини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилди

Қирғизистонлик фуқаро рафиқаси ва ўғлини ўлдирди, сўнгра ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маҳкама маълумотига кўра, Жалолобод вилоятининг Сўзак тумани ИИБ бу ҳолат юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

6 март куни тахминан 15.30ларда ИИБга жиноят ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи, ИИБ ва прокуратура раҳбарияти чиққан.

Кўчани кўздан кечириш жараёнида, уй ёнида унинг эгаси, рафиқаси, уйнинг ўзидан эса 10 ёшли ўғил боланинг жасади аниқланди. Барчада пичоқ туфайли етказилган жароҳатлар излари топилган.

Бундан ташқари, ҳудудий касалхонага эркакнинг 19 ёшли қизи жиддий жароҳатлар билан олиб кетилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, уй эгаси доимий равишда Ўш вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида даволанган. У Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган ҳамда у ерда бошидан жароҳат олган.

Жиноятдан бир кун аввал – 5 март куни оилада жанжал юз берган. Эртаси куни эрталабдан эркак масжидга чиқиб кетган. Тахминан 15.00да қайтиб келган ҳамда жанжал оқибатида рафиқаси, ўғли ва қизига пичоқ билан жароҳат етказган, сўнгра ўз жонига қасд қилган.

Ушбу ҳолат бўйича Қирғизистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. 

Top