20:08 / 18.03.2017
11512

Сирдарёда пахтани қабул қилиш масканларида ишлаган нопок кимсалар жазога тортилди

Юртимизда етиштирилаётган пахта толаси жаҳон бозорида сифат жиҳатидан юқори баҳоланади. Кўплаб ҳорижий тадбиркор ва фирмалар унга харидор бўлишмоқда. Уни бежизга “оқ олтин” дея атамаймиз.

Шуни айтишимиз жоизки, пахта хом ашёсини етиштираётган деҳқоннинг қалби ҳам пахтасидек оппоқ. Афсуски, деҳқон, фермерларнинг ҳалол меҳнатлари эвазига етиштирилган пахтани қабул қилиш масканларида ишлаётган айрим нопок кимсалар ғаразгўйлик қилиб ноқонуний ишларга қўл уришмоқда. 

“Сирдарё ҳақиқати” газетасининг хабар беришича, Соатов Ҳусан Рашид ўғли Пахтаобод пахта тозалаш акциядорлик жамиятига қарашли “Қўшчинор” пахта қабул қилиш пунктида 2015 йил август ойидан бошлаб 2-минтақа товаршуноси вазифасида ишлаб юрган вақтида мансаб сохтакорлиги, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар, ёзувлар киритиш орқали ўзига ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштирган.

Ҳ.Соатов 2015 йил пахта йиғим-терими мавсумида “Қўшчинор”, “Ф.Хўжаев”, “Дўстлик”, “Узоқов”, “Пахтаобод” СИУларда фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликлари томонидан аслида 2020,2 тонна пахта хом ашёси топширилган бўлсада, расмий ҳужжатда гўёки 137,1 тоннадан кўпроқ пахта хом ашёсини қабул қилинганлигини кўрсатиб жамият бухгалтериясига тақдим этган. Оқибатда Пахтаобод пахта тозалаш АЖга 105 млн. 704,1 минг сўм зарар етказган.

Файзулла Джураев 2015 йил июнь ойидан бошлаб Пахтаобод пахта тохалаш акциядорлик жамиятига қарашли корхона қошидаги пахта тайёрлаш масканида 2-минтақа товаршуноси вазифасида ишлаб келиб, шахсий манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, ҳужжатларни қалбакилаштирган. Яъни, у 2015 йил пахта йиғим-терим мавсумида аслида қиймати 7 млр. 309,9 млн. сўмлик 6594 тонна пахта хом ашёси қабул қилинган бўлса-да, расмий ҳужжатларда 275,5 тонна кўп пахта хом ашёси қабул қилинганлигини кўрсатиб, сохта маълумот ва ёзувлар киритиб (уларни қалбаки эканлигини била туриб) жамият ҳисоб-китоб бўлимига тақдим этган. Оқибатда Ф.Джўраевнинг айби билан корхонага 82 млн. 180 минг сўм зарар етказилган.

2014 йил август ойидан бошлаб Пахтаобод пахта тозалаш акциядорлик жамиятига қарашли Ш.Рашидов пахта қабул қилиш масканида 2-минтақа товаршуноси вазифасида ишлаб келган Тўлқинжон Қаюмов ҳам шу каби жиноятлар содир этган.

Суд ҳайъати Ҳусан Соатов, Файзулла Джураев ва Тўлқин Қаюмовларга нисбатан адолатли ҳукм чиқарди. Айбдорлар тегишли қонун асосида ўз жазоларини олдилар ҳамда етказган молиявий зарарни тўлиқ қопладилар.

Албатта, ҳар бир жиноятнинг тагида моддий манфаатдорлик ётади. Юқорида номлари тилга олинган шахслар ҳам бундан мустасно эмас. Мол-дунё, пул одамнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Айрим кимсалар охирини ўйламай, ёки кирдикорлари очилмай қолишига ишонибми ўз вазифасини суистеъмол қилишади. Халқимизда қинғир ишнинг қийиғи, қирқ йилда ҳам чиқади, деган нақл бор. Ҳозирги кунда бу каби қинғирлик ишлар, ўзганинг мулкига кўз олайтириш каби иллатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда, айбдорлар эса тегишли жазоларини олишмоқда.

Қонун устувор бўлган жамиятда ҳар қандай иллатнинг, жиноятнинг илдизига болта урилиши ва бартараф этилиши, шубҳасиз.

Top