21:52 / 07.04.2017
4465

Америкалик наггетснинг йиллик заҳирасига эга бўлиш учун Twitter'да рекорд ўрнатишга киришди

Американинг Невада штатида яшовчи Картер Уилкерсон Wendy’s ресторанлар тармоғи билан Twitter'да талаб қилинган реакциялар сонига эришиши борасида баҳслашди. Йил давомида компания наггетсларидан бепул бахраманд бўлиш имконини қўлга киритиш учун у 18 миллиондан ортиқ ретвитга эга бўлиши керак: сервис тарихида ҳеч ким бундай кўрсаткичга яқинлашмаган ҳам.

Уилкерсоннинг микроблогидаги дастлабки ёзув Wendy’s расмий аккаунтига йўналтирилган эди. 

"Вендис, наггетсларингизни бир йил бепул истеъмол қилиш учун қанча ретвит бўлиши керак?"

Компания қисқа ва лўнда жавоб берди. 

18 миллион

Бу Уилкерсонни тўхтата олмади ва у чақириқни қабул қилди. 

"Ҳал бўлди, деб ҳисоблайверинг".

Америкалик шундан кейин унга керакли ретвитни йиғишга кўмак бериш сўралган ёзувлар скриншотини ҳавола қилди ва бу вирус каби кенг тарқалди. Мақола нашрга чиққунга қадар 800 мингдан зиёд фойдаланувчи уни саҳифасига жойлаганди. 

"Менга ёрдам беринг, илтимос. Бу наггетслар менга керак!"

Компания бу ёзувга эмзодилар билан изоҳ қолдирди. 

Уилкерсон 18 миллион ретвитга эга бўлиши учун қанча вақт керак ва компания бир йиллик заҳира борасида ҳазил қилдими ёки йўқ - ҳозирча номаълум.

Бугунги кунга қадар Twitter фойдаланувчиларининг ҳеч бири бундай рекорд кўрсаткичга ҳатто яқинлашмаган ҳам. Ҳозирча энг машҳур твит Эллен Деженереснинг "Оскар" мукофотини топшириш маросимидаги ёзуви ҳисобланади - у 3,2 миллиондан зиёд марта ретвитланган.

Иккинчи ўринда - мусиқачи Луи Томлинсоннинг 2,4 миллион ретвити, учинчи ўринда - Испаниянинг Elrubius  геймерининг биргина сўздан иборат ("Limonada") ёзуви 1,4 миллион фойдаланувчи томонидан қўллаб-қувватланган. Ҳиллари Клинтоннинг президентлик сайловлардаги мағлубиятидан кейинги пости 1,2 миллион марта ретвитланган.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Twitter аудиторияси 320 миллион атрофида. Уилкерсон баҳс шартларини бажариши учун тахминан ҳар йигирманчи фойдаланувчининг қўллаб-қувватланишига муҳтож. 

Wendy’s ресторанларида 10 наггетсли катта порция нархи - 6,65 доллар, бироқ у таркибида ичимлик ва салат ҳам бўлган комбо-тушлик кўринишида берилади. 6 наггетсли тўплам эса - атиги 1,99 доллар. 

Ресторанлар тармоғи дунёнинг 22 мамлакатида 6 мингдан зиёд иншоотига эга. 

Top