09:25 / 07.04.2017
6094

Пентагонда АҚШнинг Сурияга зарба бериши бир томонлама ҳаракат бўлгани тасдиқланди

Фото: AFP

Пентагон вакили АҚШ томондан Сурияга зарба берилиши АҚШнинг бир томонлама ҳаракати бўлганини айтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

АҚШ президенти Дональд Трамп 7 апрелга ўтар кечаси, Вашингтон фикрича, Идлиб вилоятига кимёвий ҳужум амалга оширилган Суриядаги аэродромга ракета зарбаси беришни буюрган. Пентагоннинг таъкидлашича, ракета зарбасидан мақсад Хомс вилоятида Шайрат аэродроми бўлган. Маълум қилинишича, зарба АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларидан қанотли ракеталар билан берилган. Пентагон маълумотларига кўра, 59 та ракета отилган.      

Сурия армияси қўмондонлиги Идлибда уюштирилган кимёвий ҳужум учун ўз номига билдирилган айбловларни қатъиян инкор қилган ва ҳужум учун жавобгарликни жангарилар ва уларнинг ҳимоячиларига юклаган. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Сурия авиацияси Идлибдаги Хон-Шайхун аҳоли пункти чеккасида жойлашган, Ироққа етказиб бериладиган кимёвий қурол сақланган, террорчиларга тегишли омборга зарба берган. 

Кимёвий ҳужумни БМТ ва Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти тергов қилишни бошлаган, бироқ улар ҳозирча воқеа айбдорлари бўйича ҳеч қандай хулосани чоп этишмаган.

Top