13:37 / 08.04.2017
10676

Янгийўл туманида босқинчилик қилиб 2 та ов милтиғини қўлга киритган ёш йигитлар ушланди

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида содир этилган босқинчилик жинояти ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар, мутасадди ташкилотлар, қўни-қўшнию, маҳалла-кўйни бирдай ташвишга солди. Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида босқинчилик жинояти содир этганлик ҳолати юзасидан ўтказилган тергов суриштирув натижалари ўз самарасини бериб, гумондорлар қўлга олинди, деб хабар беради Тошкент вилояти ИИБ.

Бу жиноятни содир этганликда гумон қилинганлар ҳам бегоналар эмас, гумондорлардан бири маҳаллада истиқомат қилувчи Рустам Асаталиев ва унинг кўча-кўйдаги бекорчи тенгдош-дўстлари Сулейман Зейналов, Абзал Саидов ҳамда Ғофуржон Мурзахоновлар эканлиги маълум бўлди.  

Босқинчилар девор ошиш йўли билан Муҳайё Абдулхаированинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, уй эгасига ҳужум уюштириб, оёқ ва қўлларини скотч билан боғлаб, оғзини пайпоқ билан беркитиб, унинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатган ҳолда пул беришини талаб қилишган. Уйда мавжуд бўлган М.Абдулхаировага тегишли бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар, “Iphone-5” ва “Iphone-5S” русумли телефон аппаратлари, массаж ускунаси ҳамда сейфда сақланган Муҳайё Абдулхаированинг турмуш ўртоғи Равшан Абдулажоновга тегишли икки дона ов милтиқларини қўлга киритишиб, жиноят содир этган жойидан яширинишган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Боласи айб иш қилиб қўйган ота-оналар кўпинча, “Мен боламга бунақа тарбия бермагандим, бундай қилишига нима сабаб бўлдийкин?” дея ўзларини оқлашади. Билишмайдики, ўз вақтида берилмаган танбеҳ, ўз вақтида олди олинмаган жароҳат изи газак олиб кейинчалик салбий оқибатларга олиб келади.

Сўнгги пушаймон - ўзингга душман, дейишади. Лекин бу ақиданинг моҳияти ҳар доим ҳам ўз вақтида англаб етилмайди. Айниқса, ҳаёт бўсағасида турган ёшлар илм-ҳунар йўлини танлаш ўрнига, ўсмирлик онгида хорижий фильмларда тарғиб қилинаётган зўравонлик ва босқинчилик каби иллатлар таъсирида айрим ҳолларда оғир жиноятларнинг содир этилишига ҳам йўл қўйишмоқда.

Жиноятнинг ҳам, жиноятчининг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Лекин бу каби жиноятларни содир этишга бу ўсмирларни нима мажбур қилди. Наҳотки, уларнинг ота-онаси ва яқинлари ўз фарзандларининг қайси йўлдан юриб, кимларга ошно тутинганлигидан бехабар бўлишса?

Жиноят жазосиз қолмайди, ушбу жиноятни содир этган шахслар қонун олдида жавоб беришади, аммо лоқайдлик, эътиборсизлик ҳали навниҳол ўспиринларнинг пешонасига босилган бир умрлик қора тамға, виждоннинг жавобсиз сўроқлари улар учун энг оғир жазо эмасмикан?

Top