16:41 / 10.04.2017
9660

Гурлан туманида соғлиқни сақлаш соҳасида қатор муаммолар борлиги аниқланди

Халқ депутатлари Хоразм вилояти, Гурлан тумани Кенгаши сессиясида селектор тарзида ўтказилди. Унда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда аҳоли томонидан кўтарилган ҳамда парламент аъзоларининг бевосита жойларга чиқиб аниқлаган айрим муаммо ва камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, туман соғлиқни сақлаш тиббиёт бирлашмасига тегишли касалхона биноси капитал таъмирга муҳтож, соғлиқни сақлаш ташкилотлари моддий-техника базаси талабга жавоб бермайди, туманда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ҳолати қониқарли эмас. Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати яхши йўлга қўйилмаган, уларнинг жойларга кечикиб етиб бориш ҳолатлари мавжуд. Ҳудудда малакали тиббиёт ходимлари етишмайди, мавжуд 17 та ҚВПнинг 11 таси мослаштирилган бинода жойлашган, бинолари табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига уланмаган.

Муҳокамалар жараёнида уларни бартараф этиш юзасидан амалий чора- тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, сессияда одамлар турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи бошқа соҳалар жумладан, тижорат банклари фаолияти, улар томонидан фуқароларга хизмат кўрсатиш, ишбилармонларга кредит маблағларининг ажратилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан олиб борилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва уларга тегишли кўмак бериш борасида туманнинг ички ресурс ҳамда имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Ўрганишлар аҳоли бандлиги, хусусан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Шунингдек, туманда аҳолига савдо ва маиший, коммунал хизмат кўрсатиш даражаси ҳам замон талабларидан орқада қолмоқда.

Йиғилишда халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, танқидий баҳо берилди.

Top