11:51 / 11.04.2017
21728

Тошкентда жуда кўплаб фуқароларни чув туширган фирибгар ушланди

Соддалик, ҳаммани ҳам ўзингдек кўриб ишониш яхшику-я, бироқ эрта бир кун ўша ишонган одам ишончингни суиистеъмол қилса, алдаб кетса, бундай ёмони йўқ экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Йўқса, хотинининг номидаги “Дамас”ни сотмоқчи бўлганида, харидор “машинанинг пулини ҳар ойда бўлиб-бўлиб бераман”, деганида, танимаган-билмаган одамга ишонармиди?! Мана энди пулини вақтида ололмай, хуноб бўлиб ўтирибди.

Шундай бўлса-да, ҳалиям яхши одамлар бор экан. Куни кеча биттаси билан танишди. Ўзини Ички ишлар вазирлигининг махсус инспекцияси ходими, деб таништирган Ҳайдар исмли йигит унинг дардини эшитгач, автомашинани олиб беришни ваъда қилди. Катта жойда ишлайди-да, анча ёш бўлишига қарамай, ўзини тутиши ҳам, гап-сўзлари ҳам дадил. Умридан барака топсин!

Ҳайдар гапни қисқа қилди.

-  Ака! Қаерда, ким бўлиб ишлашимни билиб олдингиз. Бунақа ишлар менга чўт эмас. Биздан нима қолади, фақат яхшилик. Тўғрими? Сиздан яширмайман. Мен бу масалада илтимос қиладиганлар ҳам кичкина одамлар эмас. Шундай экан, уларни ҳам “хурсанд” қилишимиз керак бўлади. Эртага яна уларнинг эшигини қоқиш бор...

-  Сизни тушундим, укажон. Фирибгарга учраб қолганимни билмай қолибман. Машинамни олиб берсангиз бўлди. Хизматига тайёрман.

Орадан кўп ўтмай, Ҳайдар жабрдийдадан “хизмат ҳақи” сифатида бир миллион сўм пулни олди-да, танишлари билан гаплашиб қўйганини айтиб, у билан хайрлашди. Кейин телефон қилиб, яна учрашув тайинлади. Бу сафар иш деярли битай, деб қолгани билан табриклаб, яна 1500 АҚШ доллари ундирди.

Автомашина эгаси бўлса, “Ана энди машинамни қайтариб оламан”, деганча кун санай бошлади. Бироқ у фирибгарга дуч келганини билмасди...

Бу пайтда Ҳайдар бошқа бир содданинг “шўрини қуритиш”ни бошлаган эди. Бир эр-хотин уй-жой қуриш мақсадида ер майдони қидириб юрганлигини эшитиб қолди-ю, “отини қамчилади”. Бу сафар ўзини вилоят кадастр бошқармаси ҳуқуқшуноси, деб таништириб, Зангиота туманидан ер майдони олиб бериши мумкинлиги ҳақида оғиз кўпиртирди. Қарабсизки, кўп ўтмай 1000 АҚШ доллари, кейинчалик эса яна 548 минг сўм маблағ осонгина чўнтагига келиб тушди. Орада уларнинг Юнусобод туманидаги бўш майдончага дўкон қуриш ниятлари ҳам борлигини билиб қолиб, шаҳар ҳокимлигидан рухсат олиб бериш ҳам қўлидан келишини айтди. Қарабсизки, яна 1 млн. 500 минг сўм пул эски эгасини тарк этиб, янгисининг чўнтагига тушди.

Кўп ўтмай, таниши унга бир одамни рўпара қилди. Тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилган бу фуқаро, савдо дўкони қуришни режалаштирган, бунинг учун рухсатнома олиш ҳақида бош қотириб юрган экан. Бунақа масалаларни фақатгина оғизда бажаришнинг ҳадисини олган Ҳайдар зумда шаҳар ҳокимлигининг масъул ходимига айланди. Қайси жой маъқул келгани билан қизиқди, блокнотига бир нималарни ёзиб, маслаҳат ҳам берди. Гап орасида бу ишлар 5 минг АҚШ доллари эвазига битишини ҳам шаъма қилиб ўтди. Ҳайдарнинг ўзини тутишини кўрган бўлғуси тадбиркор эса тез орада ер майдонига эга бўлишига юз фоиз ишонди-да, бўнак сифатида 3 минг 950 АҚШ долларини қандай қилиб унга тутқазганини билмай қолди.

Бу ҳолатлар Ҳайдарнинг қинғир фаолиятидан бир шингил, холос. Агар ҳаммасини айтадиган бўлсак, анчагина жой эгаллайди. Масалан, бир гал ер майдонининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш масаласида мурожаат қилган бир фуқарога ёрдам беришни ваъда қилиб, 956 минг сўм ва 1000 АҚШ доллари олган бўлса, бошқа бир фуқаронинг фарзандини “ўқишга киритиб қўяман”, дея 1500 АҚШ доллари ҳамда 450 минг сўм пулини олишдан ташқари, абитуриентнинг ҳужжатларини нобуд қилиб юборади. Кўп ўтмай эса айнан шу фуқаронинг бошига ташвиш тушганидан фойдаланиб, ёрдам беришни ваъда қилади-да, ишни бости-бости қилиш учун юқори лавозимда ишлайдиган танишларига “узатиш” лозимлигини, ундан 1 350 АҚШ доллари, сўнгра яна 3 300 АҚШ доллари ҳамда бир миллион сўм олади-ю, бу маблағларни ҳам ўзининг эҳтиёжларига сарфлайди...

Шу ўринда Ҳайдар Аҳмедов (исм-фамилияси ўзгартирилган)нинг шахси ҳақида икки оғиз, у 1992 йил Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти ўрта-махсус. Йигирма ёшидаёқ судланишга улгурган, фирибгарликни касбга айлантирган бу кимсанинг фаолиятига чек қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан Ҳайдар Аҳмедовга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.  

Top