Тошкентда совуқ қутили араваларда сотилаётган музқаймоқлар бўйича рейд ўтказилди
Санэпидқўм Тошкент шаҳар бошқармаси кўчаларда ғилдиракли араваларда музқаймоқлар сотилишида санитария талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан рейд ўтказди.
Рейд давомида музқаймоқ маҳсулотларининг гигиеник сертификати йўқлиги, уларни сотишда санитария қоидаларига риоя этилмаётгани аниқланган, сотувчиларга музқаймоқни нотўғри тарзда сотиш оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган хавфлар тўғрисида тушунтириш берилган. Бу ҳақда мухбири рейдга ҳамроҳлик қилган “Миллий” телеканали хабар берди.
“Нега эриган музқаймоқни сотяпсиз? Сут ва сут маҳсулотлари совуткичда сақланиши керак. Буниз қачон ишлаб чиқарилган, қанақа ҳароратда қачонгача сақлаш мумкин – ўзингиз ҳам жавоб беролмайсиз. Умуман санитария-гигиена жиҳатдан талабга жавоб бермайди”, – деган музқаймоқ сотувчилардан бири билан суҳбатда бошқарма ахборот хизмати раҳбари Жонибек Одилжонов.
“Сиз музқаймоққа жавоб беряпсиз, лекин идишига, қошиқларининг санитария ҳолатига жавоб беролмайсиз. Санитария ҳолати – нол! Сақлаш, ташиш, кийиниш маданияти йўқ. Олиб бориб, бракираж қилинади”, – дея таъкидлаган Санэпидқўм Миробод туман бўлими мудири Дилноза Аҳмедова.
“Формангиз қани, соғлигингиз ҳақидаги тиббий кўригингиз қани?” – деган у бошқа бир сотувчи билан суҳбатда. Масъулнинг сўзларига кўра, музқаймоқ сотувчи махсус халат кийган ҳолда фаолият юритиши керак.
Аҳмедова рейд давомида музқаймоқлардан намуна олиб, бактериологик таҳлилга юбориш бўйича топшириқ берган. Гигиеник сертификати йўқлиги айтилган сотувчилардан бирининг маҳсулоти эса йўқ қилиниши айтилган.
“Масалан, кўпчилик музқаймоқ еганда томоғим оғриб қолди дейди. Анализ қилганда стафилакокк чиқади. Стафилакокк деган бактерия бор, томоқни яллиғлантиради. Музқаймоқ сал эриб, таркибини йўқотдими, мана бу ҳароратда бижғийди, заҳарланишга олиб келиши мумкин. Эртага кимдир заҳарланиб қолса бошингиз билан жавоб беришингизни биласизми?” – деган Жонибек Одилжонов қутисидан эриган ҳолдаги музқаймоқ топилган сотувчи билан суҳбатда.
Лавҳада олиб қўйилган музқаймоқлар канализацияга оқизиб юборилганини кўриш мумкин.
Мавзуга оид
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024