19:49 / 28.04.2017
159041

Марказий Осиёдаги энг кучли армия

Global Firepower нашри дунёнинг энг қудратли армиялари рейтингини тузди. Унда Ўзбекистон 126 мамлакат ичида 48-ўринни эгаллади.

Бу рейтингда Марказий Осиёдаги энг кучли армия Ўзбекистон армияси экани кўрсатилган. “Ҳарбий тайёргарлик жиҳатдан энг кучли давлатлар рейтинги”да биринчиликни АҚШ эгаллаган. Иккинчи ўрин – Россияга, учинчи ўрин эса – Хитойга берилган.

Ўзбекистон Қуролли кучлари 3 таркибий қисмдан иборат: қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий-ҳаво кучлари ва флот. Бундан ташқари, республика қуролли кучлари Миллий гвардия, чегара хизмати ва махсус жангчиларни ўз таркибига олган. Армияда ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 65 минг нафарни ташкил этади.

Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари амалда собиқ иттифоқ даври техникасидан тузилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз самолётлари ва вертолётлари ҳолатини бошқа қўшни республикаларга қараганда яхши ҳолатда сақлаб қолган. ҲҲК таркибида 69та қирувчи ва 89та бомбардимончи самолёт мавжуд.

Ўзбекистон армиясида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизмат (12 ой) ва шартнома асосида хизмат тизими мавжуд. Ўзбекистон қисқа муддат ичида 600 минг кишини қуроллантириши (захирадаги ҳарбий хизматчилар ҳисобига) мумкин.

Ўзбекистон денгизларга тўғридан-тўғри чиқа олмайди. Шу туфайли республика флоти ҳарбий-дарё кучлари мақомида. Флот таркиби «Шмель» ва «Гюрза» катерларидан иборат.

Ўзбекистон ташқи сиёсатда бетарафлик йўлини тутади. Тошкент КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзоси эмас, лекин Россия билан ҳам, Ғарб давлатлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилади. Ўзбекистонлик зобитлар турли мамлакатларда ўқув амалиётларини ўтайди. Махсус бўлимларни америкалик муҳандислар ўқитади.

Ўзбекистон ҲҲК таркибидаги энг замонавий самолёт - Су-27 ҳисобланади. Очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги аэродромларда 12та шундай қирувчи самолёт жойлаштирилган. ҲҲК таркибида МиГ-29 русумли 10та қирувчи самолёт, Су-24 русумли 20та штурмовик ҳам бор.

Ўзбекистон армиясининг асосий кучи - ҳарбий танклар. Армияда 420 танк, 700дан ортиқ зирҳли техника, 143 ўзи юрар қурилмалар, 880 артиллерия қуроллари, 109 бараварига ўқ отувчи қуроллар бор.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойи бошида Москвага ташрифи вақтида яқин йиллар ичида Россия Ўзбекистонга бир неча миллиард долларлик қуроллар етказиб бериши бўйича келишув тузилди.

Рейтингни тузишда 50 га яқин турли омиллар, жумладан қўшинлар сони, қуруқлик, ҳаво ва денгизда жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган ҳарбий техника миқдори ҳисобга олинади. Шу билан бирга, мамлакатлар қурол-яроғга сарфлаши мумкин бўлган иқтисодий манбалар ва рейтинг иштирокчиларининг географик жойлашуви ҳисобга олинган.

Рейтинг бир неча критерийга асосланади, жумладан:

– ядровий қурол мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги инобатга олинмайди;

– давлатнинг географик жойлашуви инобатга олинади;

– қурол-яроғ ва ҳарбий техника миқдори қуролли кучлар сони ва қудратига нисбатан инобатга олинади;

– айрим ресурсларнинг ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши ҳисобга олинади;

– денгизга чиқиши йўқ давлатларга ҳарбий-денгиз кучлари йўқлиги учун жарима баллари қўшилмайди;

– бошқа ҳолларда ҳарбий флотнинг имкониятлари чеклангани учун жарима баллари ҳисобланади;

– мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий ўзига хосликлари инобатга олинмайди.

Top