Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида мамлакатнинг яшил энергияга ўтиши ҳамда қўшни мамлакатлар билан амалга оширилаётган иккита йирик гидроэлектр станцияси лойиҳалари ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ариповнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳар йили энергияга бўлган талаб 5-6 фоизга ошяпти. Ушбу талабни қондириш учун турли чоралар кўриляпти.

“Тармоққа уланган қайта тикланувчи энергия манбалари натижасида 1,5 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Хорижий ҳамкорлар билан 14 млрд долларга тенг 12 гигаваттлик 31 та яшил генерация қувватлари барпо этилмоқда. Президент томонидан қуёш электр станциялари доирасида 300 мегаватт қувватлар тармоққа уланди. Жорий йил якунига қадар яна 2 гигаваттдан ортиқ яшил энергия қувватлари ишга туширилади. Натижада жорий йил якунига қадар яшил энергия қувватларини ҳозирги 18 фоиздан 30 фоизга етказиш кутиляпти”, – деди бош вазир.

Унинг сўзларига кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 50 фоизи яшил энергия бўлиши режалаштирилган. Абдулла Арипов гидроэнергетика яшил энергетиканинг ажралмас қисми ҳисобланишини таъкидларкан, бу йўналишда қўшнилар билан ҳамкорликда 3,2 млрд долларлик қийматдаги 2 та йирик лойиҳа амалга оширилаётганини айтди.

“Биринчиси, Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда қиймати 2,9 млрд долларлик 1860 мегаватт қувватга тенг Қамбарота гидроэлектр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Мазкур лойиҳа Қирғиз Республикаси ҳудудида Норин дарёсида барпо этилиб, 5,6 млрд киловатт соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Бу Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳа. Бундан нафақат экологик тоза энергия ишлаб чиқарилади, балки минтақадаги сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланиш имкони ҳам яратилади”, – деди у.

Абдулла Арипов Жаҳон банки ушбу лойиҳани амалга оширишни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганини таъкидларкан, минтақадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган бу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга грант маблағларини ажратгани учун Ўзбекистон ҳукумати номидан банкка миннатдорчилик билдирди.

“Бошқа халқаро молия институтларини ҳам ушбу лойиҳада фаол иштирок этишга таклиф қиламиз. Қисқа муддатда уч томонлама ҳукуматлараро битимни имзолаб, амалий ҳаракатларни бошлаш учун қўшма корхона ташкил этиш ниятидамиз. Станция томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг Қирғиз Республикаси эҳтиёжидан ортган қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан кафолатли сотиб олиш бўйича шартнома имзолаймиз”, – деди у.