12:38 / 01.05.2017
10606

Қирғизистонда кучли ер кўчкисидан сўнг тиббий ёрдам сўраб 60 киши мурожаат қилди

Фото: Kloop.kg

Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Аюу қишлоғида юз берган кучли кўчкидан сўнг тиббий ёрдам сўраб тахминан 60 киши мурожаат қилди. Бу ҳақда республика соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда. 29 апрель куни юз берган кўчки дастлабки маълумотларга кўра, 24 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Вазирлик маълумотига кўра, фожиа жойида мобил клиника ўз ишини олиб бормоқда. “Аюу қишлоғида йигирма кишидан иборат тўртта шифокорлар бригадаси ишламоқда, улар орасида невропатолог, травматолог, жарроҳ, педиатр, терапевт ва акушер-гинеколог, шунингдек руҳшуносларнинг иккита бригадаси бор", - дейилади хабарда.

Юз берган фавқулодда ҳодисадан сўнг Ўзган тумани касалхонасига қишлоқда яшовчи 10 нафар инсон олиб кетилган. “Юқумли касалликлар олдини олиш мақсадида, эпидемиологлар бригадаси томонидан уйма-уй юрилиб, аҳоли ўртасида ичак инфекциялари ва вирусли инфекция пайдо бўлса, шифокорларга ўз вақтида мурожаат этиш бўйича тушунтириш ишлари ўтказилмоқда”, - дея таъкидланади ҳужжатди.

Расмий маълумотга кўра, айни дамда фожиа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, уларда Қирғизистон ФВВ, ИИВ, Фуқаролик мудофааси комиссиясидан жами 400 ходим, шунингдек Қуруқликдаги қўшинлар ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда. Айни дамга қадар улар уч нафар инсон жасадини топишган.

Эслатиб ўтамиз, кучли кўчки 29 апрель куни эрталаб юз берди. Тош, лой ва муздан иборат миллион куб метрлик кўчки қишлоқдаги олтита бир қаватли уйни босиб қолган. ФВВ маълумотига кўра, ўша пайтда уларда 24 киши, жумладан 14 ёшгача бўлган тўққиз нафар бола бўлган, уларнинг бари ҳалок бўлган, деб ҳисобланмоқда. Янги фавқулодда ҳодиса юз бериши хавфи туфайли қишлоқдан 85 киши эвакуация қилинди.

Қирғизистонда ер кўчкиси оқибатида одамлар қурбон бўлгани муносабати билан 30 апрель мотам куни деб эълон қилинди

Top