18:06 / 05.05.2017
17022

Ўзбекистонда электр энергия таъминотини яхшилаш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда

Электр энергияси таъминоти сифати имкониятларини кескин кўтариши кутилаётган лойиҳа – электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)нинг синов босқичи ҳозирда Самарқанд, Бухоро ва Жиззахда ўтказиляпти.

Янги тизим дебитор қарздорликка бутунлай барҳам бериш, электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, энергия йўқолишини кескин қисқартириш ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш имконини беради.

Ўтган йил охири ва жорий йил бошида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида янги ҳисоблагичлар ўрнатила бошланди. Ва ниҳоят, яқинда ушбу ҳисоблагичлар ўрнатилган ҳудуд – Қўшқудуқ маҳалласида синов ўтказилди. Синов лойиҳани амалга ошираётган Жанубий Кореянинг "KT Corporation" компанияси ходимлари, "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти, "Самарқанд электр тармоқлари" корхонаси вакиллари иштирокида ўтказилди. Мамлакатимиз электр энергияси тизимида улкан янгилик бўлиши кутилаётган ушбу тизимнинг синов жараёнини бевосита жойида кузатдик.

Туманда бўлганимизда, энг аввало, янги ҳисоблагичлар ўрнатилишидан олдин ва кейин сарфланган электр энергияси билан қизиқдик. Негаки, янги ҳисоблагичларда электр энергияси учун тўланган маблағ тугаса, автоматик тарзда электр узатиш тўхтатилади. Қолаверса, битта хонадон соҳиби меъёрдан ортиқ, электр ускуналари кўтаролмайдиган даражада катта миқдорда электр энергиясидан фойдаланса ҳам "ақлли" ҳисоблагич бир неча дақиқага ўчиб қолиб, истеъмолчини огоҳлантиради. 

– Дарҳақиқат, кутилганидек, уч мингдан зиёд янги ҳисоблагич ўрнатилган ҳудудда электр энергияси истеъмоли 18 фоизга камайди, – дейди "Самарқанд электр тармоқлари" акциядорлик жамияти АСКУЭ бўлими бошлиғи Валижон Қиличев. – Муҳими, иқтисод қилинган электр энергияси авариялар ёки чеклаш натижасида эмас, балки замонавий технологиялар туфайли юзага келди. Умуман, янги тизимга бутунлай ўтгандан сўнг чекловларга эҳтиёж қолмайди. 

Синов жараёнида "KT Corporation" компанияси ходимлари хонадонлардан бирида электр энергиясидан "ноқонуний фойдаланиш" ҳаракатини амалга ошира бошлади. "Ўзбекэнерго" АЖ ходимлари эса уяли телефон орқали Самарқанд шаҳрида жойлашган компьютер маркази ходимлари билан уланишди. "Ноқонуний фойдаланиш"га киришилгач, икки дақиқа-ю 43 сонияда ҳисоблагич автоматик тарзда ўчиб қолди ва компьютер марказидагилар махсус авария сигнали ишлаб кетганини уяли алоқа орқали хабар қилишди. Синов жараёнида шунга гувоҳ бўлдик-ки, умуман, ушбу ҳисоблагични очишга уриниб кўрсангиз бас, компьютер марказидаги сигнал ишга тушиб, қайси ҳудуд, қайси хонадонда ушбу воқеа бўлаётганигача хабар беради. Бу эса янги тизимда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бутунлай барҳам топишига олиб келади. Айтиш лозимки, айни вақтда электр таъминотидаги энг катта муаммолардан бири ҳам бу – ноқонуний фойдаланишдир.

– Янги ҳисоблагичнинг биз учун энг муҳим томонларидан бири – ҳисоб-китобда чалкашликнинг йўқлиги, – дейди Қўшқудуқ маҳалласида яшовчи Худойберди Искандаров. – Аслида, электр энергияси ҳам халқнинг мулки, кимнингдир ноқонуний фойдаланиши вақти келиб, барчага зиён етказади. Янги тизимда эса инсон аралашуви бўлмайди. Барча жараёнлар автоматик тарзда бўларкан. Маблағни "клик" орқали телефонимиздан ёки банк орқали тўлаймиз. Илгари, айниқса, кеч тушаверса, электр кучланиши пасайиб, чироқлар хиралашиб қоларди. Ҳозир эса сифатли, бир хил кучланишдаги электр энергиясига эгамиз.

Соҳадаги яна бир муаммо электр энергиясининг технологик йўқотилиши бўлиб, бу кўрсаткич жойларда умумий истеъмолнинг 15 фоизидан 25 фоизигача ташкил этади. "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Ш.Шералиевнинг маълум қилишича, ушбу таҳлил Пастдарғом тумани билан бир қаторда Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги тегишли туманларда ҳам ўтказилган. Синов таҳлиллари технологик йўқотиш Жиззахда 3,34, Бухорода 4 ва Самарқандда 4,5 фоизни кўрсатган. Бу эса электр энергияси истеъмолида рекорд даражадаги паст йўқотишдир. Агар шу тарзда республика бўйича 15-18 фоиз электр энергиясининг технологик йўқотилиши олди олинганда ҳам бу камида яна бир вилоятга етарли электр энергияси деганидир. Демак, лойиҳани тезроқ ниҳоясига етказиш энг долзарб вазифалардан биридир. 

Аввал хабар берганимиздек, ушбу лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки томонидан 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган. Ҳозиргача ушбу маблағнинг 14 фоизи ўзлаштирилди. "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятидан олган мактубимизда ушбу лойиҳани Самарқанд, Жиззах, Бухоро вилоятларида 2018 йил ноябрь ойида тугатиш режалаштирилгани маълум қилинган. Биз эса нафақат аҳолининг маиший ҳаётида, балки умуман, тараққиётда муҳим бўлган электр энергияси таъминотини яхшилашда катта аҳамиятга эга бўлган ушбу ишларнинг ўз вақтида ниҳоясига етказилишига умид қиламиз.

Анвар Мустафоқулов

Top