20:39 / 12.05.2017
16614

Меҳнат вазири: "Кўплаб битирувчилар ишга жойлашаётганда резюмени тўғри тўлдиришни билмайди"

Фото: "Кун"

2017 йил 12 май куни “Radisson Blu Hotel” меҳмонхонасида “DaVinci Solutions” компанияси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда анъанавий HR-анжуманини ташкил этди. Бугунги анжуман мавзуси “Истеъдодларни жалб қилиш ва ривожлантириш”га бағишланди.

Анжуманга махсус меҳмонлар, спикерлар, хорижий экспертлар ташриф буюрди ва улар ёш истеъдод эгаларини жалб этиш бўйича тавсиялар, тажрибалар ҳақида ўртоқлашишди. Шунингдек, HR соҳасидаги инновациялар тўғрисида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. 

Муҳокамалар чоғида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этиб, битирувчиларнинг иш билан таъминланишида учрайдиган муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдирди. 

“Мамлакатимиздаги меҳнат бозори чуқур қайта ташкил этишни талаб қилади. Айрим ўқув муассасаларини тамомлаётган талабаларда айнан тажриба етишмовчилиги ҳолати кўп кузатилади. Айрим битирувчилар ишга жойлашиш учун ҳаттоки, резюме тўлдириш, суҳбатдан ўтиш қоидаларини билишмайди. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун амалий дарсларни кучайтириш зарур. Коллежлардаги 3 йил таълим давомида амалиётга учинчи курснинг сўнгида 3 ойгина вақт ажратилиши – бу жуда ҳам қисқа муддат. Ёшлар ўқув муассасаларида таълимнинг 70 фоизини назарий билимлар олишга, 30 фоизини (энг камида) амалиётга сарфлаши лозим. Бу борада янги қарорлар ишлаб чиқилмоқда”, - деди Ўзбекистон Меҳнат вазири. 

Шунингдек, спикерлар хорижий мамлакатларнинг янги ходимларни ишга олишда қўллайдиган усуллари ва тажрибасини ҳам мисол келтириб, Ўзбекистонда бу борада учрайдиган камчиликларни муҳокама қилишди. 

“Хорижда ёш мутахассисларни ишга олишда қуйидаги тажрибани қўллаш урфга кирган: улар янги ишчи олишдан аввал профессионал ментор бошчилигида махсус тренинглар, ўқув курслари ташкил этади. Бу эса янги ходимга бошланғич малака ва кўникмани шакллантириши учун катта имкон беради. Афсуски, бизнинг юртимиздаги аксарият иш берувчилар бу тенденцияни қўллашни исташмайди. Бу албатта, молиявий масалага ҳам бевосита боғлиқ. Бунинг учун биз томонимиздан компания, ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қатор афзалликлар, имтиёзлар яратилиши лозим”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

Top