Ўзбекистон | 14:39 / 04.02.2024
6207
3 дақиқада ўқилади

«Жамоатчилик қўллови бизга куч беряпти» – вазир экология бўйича таклифлар тез қабул қилинаётгани ҳақида гапирди

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов 2023 йил январидаги вазият туфайли кўмирга ўтишга мажбур бўлинганини, лекин соҳа вазири сифатида кўмир ва мазутни тақиқлашни талаб қилиш вазифаси эканини айтган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазиридан 2023 йилда ижтимоий объектларни кўмирга ўтказиш бўйича қарор чиққанда вазирлик бунга қандай муносабат билдиргани, бу борада вазирлик билан келишув қандай бўлгани ҳақида сўралди. Вазирга кўра, ўшанда вазият оғир бўлгани учун кўмирга ўтишга мажбур бўлинган.

«Одамларда норозилик бўлди. Ўшанда жуда оғир кунлар бўлди. Очиғини айтсак, ҳаммамиз кўмир ёқишга ҳам, бошқасига ҳам тайёр эдик. Мана бу йил қиш унча совуқ ҳам бўлмади, шунинг учун бу қандайдир одамларнинг эсидан чиқиб, бемалолроқ қабул қилиняпти», – деди вазир.

Абдуҳакимов, қаттиқ совуқ бўлиб турганда, касалхона ва боғчалар қийналиб қолиши инобатга олиниб қарор қабул қилингани, лекин шунга қарамай экология вазири сифатида бундай қарорларга қарши чиқиш унинг вазифаси эканини эслатди.

«Яъни тарози оғир бу вазиятда, лекин соҳа вазири сифатида кўмир ва мазутни тақиқлашни талаб қилиш вазифам. Якуний қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади. Дейлик, Иқтисодиёт вазирлиги қаршилик қилиши мумкин иқтисодий томонларни ўйлаган ҳолда. Ҳар бир қарор ўзига яраша ёндашувлар тўқнашуви асосида бўлади», – деди Абдуҳакимов.

Масъул шунингдек, экологияни яхшилаш ҳақидаги таклифлар, қонунлар тез-тез қабул қилинаётганини қувонарли ҳол деб, бунда жамоатчиликнинг ўрни, қўллаб-қувватлови муҳим бўлаётгани, жамоатчилик вазирликка куч беришини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистонда 5 мингдан ортиқ ижтимоий объектлар кўмир ва мазутга ўтказилиши ортидан Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ёмонлашиб бораётгани маълум қилинган эди.

Олдинроқ, Экология вазирлиги масъуллари Ўзбекистонда ижтимоий объектларнинг кўмирга ўтганини бутун дунёда бу тенденция кетаётгани билан изоҳлашганди. Бироқ Халқаро энергетика агентлиги 2023 йилги ҳисоботида Осиё мамлакатларида кўмирдан фойдаланиш салкам 10 фоизга ошгани, Евроиттифоқ ва АҚШда эса бу кўрсаткич 20 фоизга камайганини очиқлаган эди.

Мавзуга оид