21:22 / 13.05.2017
6960

Бир ҳафта ичида назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик бўйича 400 дан ортиқ қоидабузарлик аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сон қарори ижроси юзасидан назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ва тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича бир ҳафта давомида (2 майдан 9 майга қадар) 400 дан ортиқ текширишлар ўтказилиб, уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Кун.uz’га Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, текширишларда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган.

Ўз навбатида давлат солиқ хизмати органлари томонидан қоидабузарликларни содир этган хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўрилган. 

Мисол учун, Хоразм вилояти, Урганч туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан якка тартибдаги тадбиркор «Т.Xudakov»га қарашли савдо шохобчасида ўтказилган солиқ текширувида, мижоз томонидан амалга оширилган тўлов учун 284 минг сўмга харид чеки берилмаганлиги, шохобчага тўлов терминали ўрнатилмаганлиги ҳамда шохобча ғазнасида назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган нақд савдо пуллар борлиги аниқланиб, тегишли чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.

Top