“Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти янги юк терминали қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Uzbekistan Airports’га дастлабки қиймати 11,5 млн доллар бўлган янги юк терминалини қуриш ва замонавий автомобиллар тураргоҳини ташкил этиш учун зарур бўлган ер участкаларни ажратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Янги юк терминалини қуриш ва замонавий автомобиллар тураргоҳини ташкил этиш доирасида: объектларни қуриш бўйича буюртмачи Uzbekistan Airports ҳисобланади; бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилоти Uzbekistan Airports томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.
 
Объектларни fast-track усули (бир вақтда лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида қуришга рухсат берилади.

Uzbekistan Airports танлаб олинган лойиҳа ташкилоти билан биргаликда лойиҳа техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқади, ваколатли экспертиза органлари билан келишади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги умумий майдони 19,04 гектар бўлган қуйидаги ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Uzbekistan Airports’га объектларни қуриш учун ажратилишини таъминлайди:

  • юк терминали 1 корпуси учун – Сергели тумани, Қумариқ кўчасидаги 5,78 гектар;
  • юк терминали 2 корпуси учун – Сергели тумани, Қўшқўрғон кўчасидаги 10,71 гектар;
  • замонавий автомобиллар тураргоҳи учун – Сергели тумани, Қумариқ кўчасидаги 2,55 гектар.