16:25 / 18.05.2017
10045

Қонунчилик палатаси спикери Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси бош котибини қабул қилди

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси ўринбосари ва Бош котиби Ван Чэн билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар тарқатди.

2017 йил 2 январь куни Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси алоқаларида муҳим сана, яъни дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чуқур рамзий маънога эга бўлиб, бу Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси билан учрашуви шундан далолат бердики, Хитой билан ўрнатилган алоқалар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали ҳам қўллаб-қувватланади.

Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси раиси ўринбосари, Бош котиби Ван Чэн бошчилигидаги делегациянинг жорий йил 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташрифи учрашувлар чоғида эришилган келишувларнинг биринчи амалий натижаси бўлди.

Юксак мартабали меҳмонни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов қабул қилди. У иккала мамлакат ўртасида парламентлараро алоқалар, дипломатик муносабатлар ўрнатилган пайтдан бошланганлигини таъкидлади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Хитойдан ўнлаб делегациялар ташриф буюрди. Ўзбекистон парламентининг кўплаб вакиллари ҳам жавоб ташрифи билан Хитойда бўлдилар. Мунтазам ўтказилаётган учрашувлар иккала мамлакатнинг олий давлат вакиллик органлари фаолияти билан танишиш, амалий алоқалар ўрнатиш имконини берди. Бугунги талабларни ҳисобга олган ҳолда қонун ижодкорлиги, ахборот-таҳлилий фаолият соҳасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Хитой экспертлари иштирокида халқаро тадбирлар ўтказиш парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳисобланади. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг  Халқ вакиллари  Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси билан ҳамкорлик бўйича яқинда ташкил этилган Парламентлараро гуруҳнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Бу гуруҳнинг самарали ишлашини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси ўринбосари ва Бош котиби Ван Чэн Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги самимий қабул ва Хитой делегациясининг учрашувини юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифига юқори баҳо бериб, унинг муваффақиятли ўтганини таъкидлаб ўтди. Алоҳида қайд этилдики, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб бориш муҳим ўрин тутиши лозим. Ўзбекистондаги ислоҳотлар Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилмоқда. Хитойда ҳам шу каби дастур амалга оширилмоқда. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Хитой ҳамда Ўзбекистон дастурида ҳам қонун устуворлиги  муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан мамлакатларимиз парламентлари аъзолари ўртасида тажриба алмашиш долзарб аҳамият касб этади.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон-Хитой парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Top