Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 31 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмади.

Танқидлардан сўнг қайта жонли эфирга узатила бошланган ялпи мажлис аввалида спикер Нурдинжон Исмоилов бу масала кейинроқ ялпи мажлисда албатта кўрилишини айтди.

“Ҳозир қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси қолдиғида турибди. Қўмита бу қонунни биринчи ўқишга киритиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Ҳали муддатимиз бор, албатта бу қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киради ва муҳокамага сабаб бўлади. Ҳозирча шошилмаймиз ва қонунчилик ташаббуси субъектидан (Вазирлар Маҳкамаси орқали ИИВ – таҳр.) қўшимча маълумотлар сўраганмиз. Фракцияларда бу масала кўрилганда депутатларимиз бу масалани кўтарган…

Қўшимча маълумотлар олиб келинганидан кейин албатта бу қонунни кўришимиз керак. Бу жуда долзарб қонун, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчилигимизда жуда кўп бўшлиқлар бор. Керак бўлса, зиддиятлар ҳам бор, униям тан олишимиз керак. Кўп муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш зарурати мавжуд.

Айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жазоларни албатта кучайтиришимизга тўғри келади, айримлари бўйича либераллаштиришга тўғри келади. Яна оғир оқибатли ЙТҲларнинг олдини олиш самарадорлигига қаратилган бир қанча нормалар кўзда тутилган: мутасадди идораларга ваколатлар, вазифалар ва масъулиятлар юклатиляпти.

Албатта, бу қонунни биринчи ўқишда киритишимиз учун муддатимиз бор. Қўмитадан илтимос қиламиз, депутатларни фикри ва жойлардаги фикрларни инобатга олиб, буни албатта яқин кунлардаги йиғилишимизга киритилиши керак бўлади”, – дея Нурдинжон Исмоиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, қонун лойиҳасидаги бандлардан бирида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган чоғда олинган фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш 50 БҲМ жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.